Ўзбекистон криптовалютачиларини баланд тарифлар билан “бостиришмоқчи”

Ўзбекистон криптовалютачиларини баланд тарифлар билан “бостиришмоқчи”

Криптоактивлар айланмаси, шу жумладан майнинг билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи истеъмолчилар электр энергиясини белгиланган тарифдан уч баравар юқори тўлайдиган бўлади. бу ҳақда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарорда сўз боради.
 
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, майнерлар, уланган қувватдан қатъи назар, белгиланган тарифга нисбатан уч баравар ошадиган коэффициент миқдорини қўллаган ҳолда электр энергияси учун пул тўлашади. Яқин икки ой ичида Энергетика вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги майнинг билан шуғулланадиган истеъмолчиларни аниқлаш ва уларга нисбатан оширилган тарифларни қўллаш тартибини ишлаб чиқиши керак.

Ҳужжат уч ойдан кейин – 2020 йил мартда кучга киради.
 
Бундан олдин Энергетика вазирлиги энергия таъминоти бўйича мамлакат сиёсати ижтимоий йўналтирилган эканини, криптовалютани “қазиб олиш” – майнинг эса унга ҳеч қандай алоқадор эмаслигини билдирганди. Ўз навбатида, майнинг билан шуғулланувчи шахслар, уларга нисбатан оширилган тарифларни қўлламаслик, акс ҳолда бу мамлакатда майнинг жозибадорлигининг кескин ва сезиларли даражада пасайишига олиб келиши илтимоси билан мамлакат раҳбариятига видеомурожаат ёзганди.
  
Эслатиб ўтамиз, 3 июль куни Шавкат Мирзиёев рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолаганди. Ўшанда Президент давлат бошқарувига блокчейнни жорий этишни, Ўзбекистонда криптобозор ва майнингни ривожлантиришни топширганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.