Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ташкил қилинмоқда
Президент “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади, дея хабар беради Kun.uz нашри.
Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси негизида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ташкил этилмоқда.
Белгиланишича, Паралимпия қўмитаси Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциациясининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Қуйидагилар Паралимпия қўмитасининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
– паралимпия спорт турларини оммавийлаштириш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш;
– ёзги ва қишки паралимпия спорт турларини ривожлантиришга кўмаклашиш, спорт объектлари ва иншоотларининг концепциялари, техник топшириқлари, техник-иқтисодий асослари/параметрлари ва бошқа лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
– паралимпия спорт турлари бўйича мусобақалар ва чемпионатлар, форумлар, конференциялар, семинарлар ва юклатилган вазифалардан келиб чиқиб бошқа тадбирларни ўтказиш, шунингдек, улар орқали тинчлик, дўстлик ва ўзаро тушуниш ғояларини тарғиб-ташвиқ қилиш;
– паралимпия спорт турлари билан шуғулланадиган тренерлар, услубчи-йўриқчилар ҳамда бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва касбий ривожлантиришнинг замонавий ва самарали тизимини жорий этиш;
– республикада ёки бошқа халқаро спорт федерациялари (ассоциациялари) ва бошқа ташкилотларида ўз аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш, ўз аъзоларини ахборот, илмий-услубий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш;
– паралимпия спорт турларини ривожлантириш бўйича клублар фаолиятини ташкиллаштириш ва самарали бошқариш, миллий ва халқаро спорт ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш.
Жойларда паралимпия спорт турларини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш, услубий қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш мақсадида Паралимпия қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилади.
·
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига 2021 йил 1 сентябрга қадар ҳудудий паралимпия бўлинмаларининг молиявий ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, тегишли ҳудудда паралимпия спорт турларини ривожлантириш учун ҳомийлар бириктирилишини, шунингдек, уларни жойлаштириш учун бино ва иншоотлар ажратиш топширилди.
Туризм ва спорт вазирлиги, Паралимпия қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда ҳудудларда паралимпия спорт турларини ривожлантириш дастурлари ишлаб чиқиши ва тасдиқлаши зарур.
2022 йилдан бошлаб тасдиқланадиган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, норезидентларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳудудий паралимпия бўлинмаларига маблағ ажратилишини таъминлайди.
Шунингдек, Паралимпия қўмитасининг бошқарув ходимлари умумий чекланган сони 24 нафардан иборат бўлган тузилмаси маъқулланди.
Паралимпия қўмитаси 2021 йил якунига қадар Паралимпия қўмитаси ҳузурида паралимпия спорт турлари бўйича клубларни ташкил этади, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда сақлаш билан боғлиқ молиявий ва ташкилий масалаларни ўз вақтида ҳал этади.
Фотосурат: olympic.uz
Шарҳлар