Ўзбекистон пара-атлетлари БААда ўтказилаётган мусобақаларда саккизта медални қўлга киритди
Дубайда параатлетика бўйича Fazza халқаро турнири ўткзилмоқда. Ҳозирга қадар Ўзбекистон терма жамоаси саккизта медални қўлга киритди.
Бобур Омонов мусобақага юқори спорт формасида ташриф буюрганини амалда исботлаб, олтин медаль қатори жаҳон рекордини янгилашга муваффақ бўлди. Ушбу йўналишда иштирок этган бошқа бир вакилимиз Мансур Ғоибназаров эса кумуш медаль билан тақдирланди.
Параолимпиада лицензиати Элбек Султонов ядро улоқтиришда (F12 тоифасида) олтин, узунликка сакрашда Сабина Суханова (Т37/38 тоифаларида) бронза медалига сазовор бўлишди. Бу билан барча совриндор ҳамюртларимиз жаҳон ва Олимпиада рейтинги учун қимматли очколарини ўз ҳисобига ёзиб қўйишди.
Иззат Турғунов узунликка сакраш бўйича 5.56 м натижа билан олтин медалга сазовор бўлди. Иккинчи медални ядро улоқтиришда (F54 тоифасида) 7.12 м кўрсаткич билан Нурхон Қурбонова қўлга киритди.
Миллий Олимпиада қўмитасининг қайд этишича, мусобақаларнинг учинчи кунида яна тўққизта параатлет майдонга чиқади.
Шарҳлар