Ўзбекистон президенти Ногиронлар ҳуқуқлари ҳақидаги конвенцияни ратификациялаш тўғрисидаги қонунни имзолади

Ногиронлар ҳуқуқлари  ҳақидаги конвенцияни ратификациялаш тўғрисидаги қонун Қонунчилик палатаси томонидан 18 май куни қабул қилиниб, 29 май куни Сенат томонидан маъқулланди. 7 июнь куни эса Ўзбекистон президенти қонунни имзолади.
 
Ратификациялаш қуйидаги баёнот ва изоҳ билан амалга оширилмоқда:

«Ўзбекистон Республикаси ногиронлиги бор шахслар ўз ҳаётларининг барча соҳаларида бошқалар билан тенг ҳуқуқларга эга бўлишини тан олади».

Конвенция қабул қилиниши, биринчидан, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш миллий тизимини илғор халқаро стандартларга мувофиқлаштириш,иккинчидан, ногиронларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш учун халқаро ва хорижий грант маблағларини жалб қилиш имкониятини яратиш,учинчидан эса аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистоннинг халқаро имижини яхшилаш имконини беради.

Конвенция ногиронларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, уларга нисбатан камситишга барҳам бериш, уларнинг меҳнат қилиш, ўз соғлиғини асраш, таълим олиш ва жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиш ҳуқуқини таъминлаш, одил судловга эришиш, шахсий дахлсизлиги, эксплуатация қилинишдан ва суиистеъмолликдан ҳимояланиши, эркин ҳаракатланиши, шахсий мобиллигини таъминлашга қаратилган 50 моддадан иборат.
 
Фотосурат: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.