Ўзбекистон президенти ва Венгрия бош вазири ўртасида ўтказилган учрашув якунлари бўйича нималар амалга оширилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар беради.


Фотосурат: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Учрашувда давлатлар етакчилари Венгриянинг илғор тажрибаси асосида Ўзбекистонда озиқ-овқат саноати, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, кимё ва машинасозлик соҳаларида янги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олишди.
 
«Самарқанд ва Жиззах вилоятларида иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни модернизация қилиш, жумладан, қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш, экспорт салоҳиятини ошириш борасида Венгрия тажрибасини татбиқ этиш мўлжалланмоқда. Шу мақсадда Венгриядан юқори малакали экспертлар гуруҳи Ўзбекистонга келди».

Ўзбекистон президенти икки мамлакат ҳудудлари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш, ҳар йили Минтақалар форумини ўтказиш таклифини билдирди.

Ҳужжатларни имзолаш

Музокаралар якунида Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Виктор Орбан Ўзбекистон Республикаси билан Венгрия ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар.

Шунингдек, ташриф доирасида кўп қиррали шерикликни кенгайтиришга қаратилган 10 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Улар Ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, Ташқи ишлар идоралари ўртасида 2021-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги ўртасида англашув меморандуми, Меҳнат муносабатлари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим, Атом энергетикаси соҳасида кадрлар тайёрлашда ҳамкорлик тўғрисида, Инновациялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандумлари, Маданият соҳасида ҳамкорлик дастури, Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорвачилик соҳаларидаги ҳамкорлик ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”, Сув хўжалиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳадли битимлардир. 
 

Фотосурат: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Жорий ўқув йилида ўзбекистонлик талабалар учун Венгриядаги олий ўқув юртларида 100 дан ортиқ грант ажратилган. Шунингдек жорий йилда Тошкентда Дебрецен университети иш бошлайди. 

Венгрия банки Ўзбекистон банкларидан бирини хусусийлаштирмоқда

Венгриянинг «ОТP Bank"и Ўзбекистоннинг «Ипотека-банк"ини хусусийлаштиришда иштирок этади, дея маълум қилди Шавкат Мирзиёев. Президент ушбу мавзуга 30 март куни бўлиб ўтган ўзбек-венгер кенгайтирилган форматдаги музокаралар вақтида тўхталиб ўтди, дея хабар берди «Газета.uz».

«Венгриянинг ОТP банки Ўзбекистоннинг «Ипотека банк"ининг давлат улушини хусусийлаштиришда иштирок этишини бошлаганини қизғин қутлаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев Венгрия бош вазири Виктор Орбанга мурожаат қилган ҳолда.

Давлат раҳбари ушбу масала юзасидан томонлар «жиддий келишиб олган"ини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, сешанба куни банклар раҳбарлари билан тор доирадаги учрашувда режалар ва истиқболдаги вазифалар муҳокама қилинган. Президент бироз муддат ўтгач, реал натижалар қайд этила бошлашини айтди. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.