Ўзбекистон Президенти: яқин 10 кун ичида мамлакатга 10 мингдан ортиқ ўзбекистонлик қайтади
Ўзбекистон Президенти раислигида 26 май куни инвестиция масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
«Бугунгача чет элдан олиб келинган фуқароларимиз сони 47 мингтани ташкил этмоқда. Афсуски, уларнинг, айниқса кейинги икки ҳафта давомида кириб келганларнинг аксариятида коронавирус аниқланган», – дея қайд этади Президент матбуот хизмати.
Кейинги 10 кунда 3,5 минг одам ҳаво йўллари, 7 мингга яқин ватандошимиз чегара постлари орқали юртимизга кириб келиши кутиляпти. Бунга қўшимча яна 100 минг нафардан ортиғи Ўзбекистонга қайтиш истагини билдириб, навбат кутмоқда.
«Пандемиянинг иқтисодиётга таъсирини юмшатишга қаратилган 16 та ҳужжат қабул қилдик. Лекин жойларда ушбу қарорлар ижросини ташкил этиш оқсамоқда, яратилаётган шароит ва имтиёзларни фуқаролар ва тадбиркорларга манзилли етказа олмаяпмиз», – дея қайд этади давлат раҳбари.
Йиғилишда туман, шаҳар, вилоят ҳокимларига, вазирларга ҳар ойда бир марта Президент қарорлари ижроси бўйича брифинг ўтказиб, оммавий ахборот воситалари, парламент вакиллари ва кенг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш топширилди.
Маълумотларга кўра, карантин чораларини юмшатиш туфайли 19 мингдан зиёд (91 фоиз) саноат, 9 мингта (76 фоиз) қурилиш, 51 мингта (52 фоиз) хизмат кўрсатиш, 45 мингта (44 фоиз) савдо корхоналарининг фаолияти тикланган.
Бунинг натижасида май ойида солиқ ва божхона тушумлари ўтган ойнинг мос даврига нисбатан 230 миллиард сўмга, товар-хом ашё биржасида қурилиш материаллари савдоси ҳажми эса 20 фоизга кўпайган.
Шарҳлар