Ўзбекистон Қирғизистонга 20 та тез ёрдам машинасини совға қилди

Қирғизистон ва Ўзбекистон президентларининг Тошкентдаги “Яшнабод” технопаркига ташрифи жараёнида Қирғизистон томонга совға сифатида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 20 та тез ёрдам машинаси топширилди. Бу ҳақда Қирғизистон президентининг матбуот хизмати хабар беради.


 
Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон бош вазири билан учрашди. Садир Жапаров Қирғизистонда дори препаратлари, тиббий ускуналар ва индивидуал ҳимоя воситаларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил қилишни таклиф этди.
 
Абдулла Арипов  давлатлар раҳбарлари учрашувида эришилган барча келишувларни Қирғизистон ҳукумати билан яқин ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этиш бўйича тўлиқ тайёр эканини билдирди ва Ўзбекистон томон ҳукуматлараро комиссиялар мажлисларини ўтказиш учун исталган вақтда Қирғизистонга ташриф буюриши мумкинлигини қайд этди.


 
Бундан ташқари, Садир Жапаров Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Нарбаева билан учрашди. Қирғизистон президенти қирғиз томони Танзила Нарбаеванинг Қирғизистонга расмий ташрифини кутаётганини қайд этди. Ушбу ташриф 2019 йилда режалаштирилган, аммо қатор объектив сабабларга кўра кейинга қолдирилган эди. Танзила Нарбаева Садир Жапаровнинг ташрифи “икки мамлакат муносабатларида янги саҳифани очиб берганини” қайд этди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.