Ўзбекистон Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдамини юборди

Ўзбекистон Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдамини юборди

Ўзбекистондан коронавирусга қарши курашиш учун Қирғизистонга инсонпарварлик юки етиб келди. Юк 100 минг дона бир марта ишлатиладиган қўлқоп ва ниқоблардан, 10минг дона ҳимоя комбинезони, вируснинг олдини олиш  учун тўпламлар ва COVID-19 ни аниқлаш учун  тестлардан, икки минг дона ҳимоя кўзойнагидан, минг қути “Гепарин” препарати, беш минг дона «Ремдесевира», тўрт минг қути натрий-хлор (100 мл дан), 20 минг дона томчили система ва 60 минг дона бир марта ишлатиладиган шприцлардан иборат бўлди, деб ёзади Kloop нашри.
 

«Қирғиз Республикаси Ҳукумати номидан юзага келган оғир эпидемиологик вазиятда кўрсатилган ёрдами учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига чуқур миннатдорчилик изҳор этишни истардим. Бу коронавирус инфекциясига қарши курашиш учун йўналтирилган биринчи инсонпарварлик ёрдам эмас», — дейди мамлакат бош вазири Эльвира Сурабалдиева.

Ўзбекистон Қирғизистонга бўлиб ўтган ШҲТ саммитидан кейин ва Ўзбекистон бош вазирининг Қирғизистон ТИВ раҳбари билан учрашувидан сўнг ёрдам беришга қарор қилган. Шунингдек Қирғизистон ТИВ ёрдам сўраб Қозоғистонга, Россияга ва Европа Иттифоқига ҳам мурожаат қилган. Россия Қирғизистонни молиявий қўллаб-қувватлашни тиклашини маълум қилган бўлса, АҚШ Қирғизистонга парламент ва президент сайловларини ўтказишга маблағ ажратишини билдирган. Хитой Қирғизистоннинг ташқи қарзни тўлаш бўйича муддатини узайтирган. Қайд этиб ўтамиз, Қирғизистон Хитойга фоизларни ҳам ҳисобга олган ҳолда 2 млрд АҚШ долларини қайтариши керак.
 
Қирғизистонда коронавирус пандемияси ва сиёсий ғалаёнлар фонида иқтисодий танглик бошланди. Бюджет танқислиги рекорд 35,6 млрд сомга етди, ташқи кредиторлар ва донорлар республикага молиявий қуйилмаларни тўхтатмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.