Ўзбекистон Россиядан Абхазияда қолиб кетган ўз фуқаролари учун “яшил коридор” ташкил қилишни сўрамоқда

Ўзбекистон Россиядан Абхазияда қолиб кетган ўз фуқаролари учун “яшил коридор” ташкил қилишни сўрамоқда

Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси ва Ростов-Дон шаҳридаги Бош консулхонасига Абхазия ҳудудида бўлиб турган 400 га яқин Ўзбекистон фуқароларининг Ватанга қайтишда кўмак бериш тўғрисидаги мурожаатлари келиб тушди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ хабар беради.
 
“Ушбу муаммони зудлик билан ҳал этиш мақсадида мамлакатимиз ташқи сиёсат идораси Россия томонига ҳамюртларимизни Ватанга қайтариш учун уларнинг Россия чегарасини кесиб ўтишларига рухсат олиш юзасидан яна бир бор тегишли мурожаат юборган”, – дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, ёрдамга муҳтожлардан (аёллар, ҳомиладолар, қариялар ва болалар) иборат Ўзбекистон фуқароларининг биринчи гуруҳини шу йилнинг октябрь ойи бошларида Ўзбекистонга қайтариш режалаштирилган. Қолган фуқаролар Россия томонидан Давлат чегарасини транзит мақсадида кесиб ўтишга рухсат берилгандан кейин Ўзбекистонга қайтарилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.