Ўзбекистон Суриядан 90 дан ортиқ аёллар ва болаларни қайтарди
Тошкент халқаро аэропортига “Меҳр-5” операцияси доирасида Сурияда террорчи гуруҳларга қўшилиб қолганларнинг оила аъзолари — 24 нафар аёл ва 69 нафар болалар, жами 93 киши олиб келинди. Қайтарилганлар уч йилдан ортиқ вақт давомида Суриянинг “Аль-Холь” лагерида сақланган, деб ёзади UzNews нашри «Дунё»га таянган ҳолда.
Фотосурат: «Дунё»
Ушбу амалиёт муқаддас Рамазон ойида АҚШ ва бошқа ҳамкор-мамлакатлар кўмагида ўтказилганлиги қайд этилади.
«Бу аёллар Сурияга турмуш ўртоқлари чақиргани сабабли борган. Улар жангларда ўз эрларини йўқотиб, бевага айланган, болалари эса етим қолган. Шунингдек уларнинг орасида ота-онасини йўқотган 7 нафар етим бола ҳам бор», — дейилади хабарда.
Бундан олдин “Меҳр” 1, 2, 3, 4 амалиётлари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистондан республикага қийин вазиятга тушиб қолган 438 нафар аёл ва болалар қайтарилганди.
Шарҳлар