«Ўзбекистон темир йўллари» “Шоввозсой” дам олиш зонаси бўйича изоҳ берди
«Ўзбекистон темир йўллари» Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган «Угам-Чотқол» миллий табиат боғи тасарруфидаги «Шоввозсой» дам олиш маскани ҳақида изоҳ берди, деб ёзади “Газета” нашри.
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда дам олиш маскани Ўзбекистон раҳбари учун қурилгани ҳақида тахминлар пайдо бўлган эди. Компания изоҳида хабар асоссиз ва нохолис экани айтилмоқда.
Таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йилдаги қарорига асосан, Угам-Чотқол миллий табиат боғи тасарруфидаги «Шоввозсой» ўрмон хўжалиги ерлари «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясига темирйўлчилар ва уларнинг оила аъзолари, компаниянинг хорижий ҳамкорлари, мамлакат аҳолиси ва чет эллик сайёҳлар учун замонавий экотуризм масканини барпо этиш ҳамда мавжуд экотизимни сақлаб қолиш мақсадида ажратилган.
«Бу ерда 2011 йилдан бошлаб, яъни 10 йил давомида босқичма-босқич қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилган. Барча инвестициялар темир йўл компаниясининг бюджетдан ташқари маблағлари, жумладан даромадлари ҳисобидан амалга оширилган», — дейилади хабарда.
Ўтган ўн йил давомида дам олиш маскани қурилишига сарфланган инвестициялар ҳажми 495 миллиард сўмни ташкил этди, дея маълум қилади компания.
Шу билан бир қаторда, миллий боғ ҳудудида табиат ва ҳайвонот оламини сақлаш ва ривожлантириш учун зарур инфратузилмалар яратилган, объектгача электр тармоқлари тортилган, автомобиль йўли ва кичик сув омбори барпо этилган.
Айни пайтда «Ўзбекистон темир йўллари» тасарруфидаги «Назарбек», «Чимён», «Хожикент», «Омонхона» каби дам олиш масканлари, шунингдек «Шоввозсой» мажмуаси ҳам компанияда фаолият юритаётган қарийб 90 минг темирйўлчилар ва аҳолига сифатли хизматларни кўрсатиб келмоқда.
Ушбу дам олиш ва соғломлаштириш масканларида «Ўзбекистон темир йўллари» билан шартнома ва йўлланмалар асосида, темирйўлчилар билан бир қаторда, президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, турли вазирлик, идора ва давлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар, шунингдек, республика аҳолиси ва чет эллик инвесторлар, ҳамкорлар ва сайёҳларга экотуризм ва экстремал туризм, саломатликни мустаҳкамлаш ва қайта тиклаш хизматлари кўрсатиб келинмоқда, дея таъкидланади баёнотда.
Компания Telegram-каналида ҳам видеоролик чоп этилган бўлиб, унда дам олиш зонасида дам олаётган кишилар акс этган. «”Шоввозсой” дам олиш учун ажойиб маскан. Дам олиш зонаси «Угам-Чотқол» миллий табиат боғи тасарруфидаги қўриқланадиган ҳудудда жойлашган. бу ерда оила, ҳамкасблар ва дўстлар билан табиат қўйнида дам олиш учун барча зарур шароитлар яратилган!» — дейилади ролик матнида.
Фотосуратлар: «Ўзбекистон темир йўллари».
Шарҳлар