Ўзбекистон уч ҳафтага Буюк Британия ва қатор мамлакатлар билан авиапарвозларни тўхтатмоқда

Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра шу йил 21 декбрдан 2021 йил 10 январгача Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш) тўхтатилади. Бу ҳақда  UzNews нашри ёзади.
 
Ушбу чоралар коронавирусга чалинган беморлар сони кескин ошгани ва ушбу мамлакатларда ёмонлашган эпидемиологик ҳолат муносабати билан қабул қилинган.
 
Бунда Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатлари фуқаролари, ушбу давлатларда доимий истиқомат қилувчи фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда сўнгги 14 кун давомида мазкур давлатларда бўлган учинчи давлат фуқаролари юқоридаги чеклов амал қиладиган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасига киритилмаслиги белгиланди.
 
Шунингдек, сўнгги 14 кун давомида Буюк Британия, Италия, Германия, Дания, Австрия, Австралия, Нидерландия ва Жанубий Африка Республикаси давлатларида бўлган ҳолда учинчи давлатлар орқали Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар 14 кун давомида вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуасида ёки тегишли меҳмонхонада карантинга олиниши белгилаб қўйилди.
 
«Жорий этилаётган чекловлар ушбу давлатлардаги эпидемиологик вазият барқарорлашгани сари босқичма-босқич бекор қилиб борилади», — дейилади махсус комиссия хабарида.
 
Бундан олдин Буюк Британияда коронавируснинг янги штамми тарқалгани ҳақида хабар берилганди. Ҳозирча янги штаммда ўлиш ҳолатлари ҳақида маълумотлар йўқ, бироқ унинг юқиш даражаси бошланғич ҳисоб-китобларга кўра, вируснинг маълум штаммлари юқумлилигидан 70% юқори. ЖССТнинг билидиришича, ҳозирча вакциналар янги мутацияга қарши ёрдам бермайди деб ўйлашга асослар йўқ. Коронавируснинг янги штамми сабабли 20 дан ортиқ мамлакат Буюк Британия билан авиапарвозларни тўхтатди. Уларнинг орасида кўплаб Европа давлатлари ҳам бор.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.