Ўзбекистон ўзининг Тожикистон билан чегарасини миналардан тозалади
Ўзбекистон ўзининг Тожикистон билан чегарасини миналардан тозалаш ишлари якунлангани ҳақида маълум қилди. Икки республикаси чегарасини миналардан тозалаш ишлари фақат Ўзбекистон кучлари ва маблағлари ёрдамида амалга оширилди, дея хабар беради «Азия-Плюс» нашри Тожикистон ҳукуматининг куч ишлаталр блокидаги манбага таянган ҳолда.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томони Тожикистон сапёрларининг ёрдамидан воз кечган, чунки фақат қўшни давлат ҳудудидаги миналар олиб ташланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил март ойидаги Тожикистонга илк давлат ташрифи якунлари бўйича икки давлат раҳбари 2019 йил охиригача умумий чегарани миналардан тозалаш бўйича барча ишларни якунлашга келишиб олганди.
Ўзбекистон Тожикистон билан чегаранинг тоғли участкаларини ўтган асрнинг 90-йилларида миналаштирганди. Ўшанда расмий Тошкент ушбу ҳаракатларни ўз ҳудудига Ўзбекистон ислом ҳаракати жангарилари тожовуз қилишининг олдини олаётгани билан изоҳлаганди.
Тожикистон Миллий мина маркази маълумотларига кўра, охирги йигирма йил ичида пиёда аскарларга қарши миналар портлаши натижасида республиканинг 374 нафар фуқароси ҳалок бўлган, яна 485 нафар тожикистонлик жароҳатланган. Айнан Тожикистон-Ўзбекистон чегарасида миналар портлашидан нечта киши ҳалок бўлганига аниқлик киритилмаган.
Шарҳлар