Ўзбекистон ва Тожикистон авиапарвозларни тиклаш масаласини муҳокама қилади
Бугун эрталаб Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Душанбега келди. Бу ҳақда “Азия-Плюс” нашри Тожикистон ҳукуматидаги манбага таянган ҳолда хабар беради.
Ҳукумат делегациясига ўзбекистонлик тадбиркор гуруҳи ҳамроҳлик қилмоқда, улар эртага Тожикистон-Ўзбекистон бизнес-форумида қатнашади.
Бугун Тожикистоннинг профилли вазирликлари ва идораларида Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан учрашувлар ўтказилади, уларнинг доирасида икки давлат ўртасидаги чегараларни очиш ҳамда шу йилнинг 16 март куни коронавирус пандемияси сабабли ёпилган Тошкент ва Душанбе орасидаги авиарейсларни тиклаш масалалари муҳокама қилинади.
Шунингдек, бугун томонлар икки давлатнинг иқтисодиёт, молия, энергетика, маданият, таълим, транспорт, савдо, туризм, саноат ва фан соҳаларидаги ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама қиладилар.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳам Душанбега эртага ташриф буюради. У ҳукуматлараро комиссия йиғилишида қатнашишдан ташқари, Тожикистон-Ўзбекистон бизнес-форумида бўлади, Тожикистон президенти ва республика бош вазири билан учрашувлар ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, 1 октябрдан бошлаб Ўзбекистон барча мамлакатлардан келувчилар учун ҳаво, темир йўл чегараларини ва автомобилларни ўтказиш пунктларини очмоқда.
Шарҳлар