Ўзбекистон ва Туркия президентлари шарқий Қуддусдаги вазиятни муҳокама қилди

12 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
 
Президентлар Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши муносабати билан чуқур хавотирда эканликларини билдирдилар.
 
Фаластин-Исроил муаммоси халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал этилиши лозимлиги қайд этилди.
 
Қайд этиб ўтамиз, 11 май куни Исроил Ғазо сектори томонидан ракета бомбардимонига учради. ЦАХАЛ маълумотларига кўра, отишмадан бир неча соат олдин Фаластиннинг “Хамас” гуруҳи Исроил ҳудудига қарата 400 дан ортиқ ракетани отган. Уларнинг кўпчилиги Исроил ҳудудини ҳимоя қилувчи “Темир гумбаз” Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизими томонидан тўхтатилган. Бироқ ракеталарнинг бир қисми нишонга етиб борган. Times of Israel  нашри 6 нафар ҳалок бўлган киши ҳақида хабар беради. Ҳужумга жавобан Исроил Ғазо секторидаги нишонларга қарата 500 га яқин зарба берган.

Фотосурат: Haitham Imad/EPA/TASS

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.