Ўзбекистонда 1 ноябргача бепул даволанишга ордерлар пайдо бўлади
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 ноябрга қадар бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизимини ахборот технологияларини қўллаган ҳолда жорий этиш топширилди. Бу ҳақда президент қарорида сўз боради.
Бунда идораларга эҳтиёжманд оилаларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига мувофиқ аниқлаш топширилди.
Имтиёзли тоифадаги шахслар учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхати, тиббий хизматлар ҳажми ва тиббиёт муассасасининг даражаларини Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади. Имтиёзли тоифадаги шахсларга давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар ҳажми, тури ва касалликлар рўйхатидан ташқари кўрсатиладиган тиббий ва бошқа ёрдамлар қўшимча ҳисобланиши ҳамда улар томонидан белгиланган тартибда ҳақ тўланиши назарда тутилади.
Молия вазирлиги республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида бепул даволанишга ордерлар бериш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тадбирлари учун бюджет параметрларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан 2021 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлигига қўшимча 80 миллиард сўм маблағ ажратади.
Шарҳлар