Ўзбекистонда аҳоли орасида интернетдан фойдаланиш маданияти оширилади
26 март куни президент «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади, деб ёзади “Норма” нашри.
Ҳужжат билан маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди. Хусусан:
· эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш;
· оила, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш;
· аҳолининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш маданиятини ошириш, ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш;
· геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни мунтазам ўрганиш, терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, одам савдоси, наркобизнес ва бошқа хатарли таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
· эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
Республика Маънавият ва маърифат марказининг (Марказ) давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик, илмий-тадқиқот, тарғибот-ташвиқот йўналишларидаги қўшимча вазифалари белгиланди.
Марказнинг маънавий-маърифий, илмий-ижтимоий мавзулардаги долзарб мақолалар, жамоатчилик вакилларининг илғор фикрлари, шунингдек, мафкуравий жараёнлар таҳлили, соҳага оид янгиликларни тўплаш, тайёрлаш ва тарқатиш мақсадида “oyina.uz” электрон портали ташкил этилади.
Портал фаолиятини йўлга қўйиш учун Марказга қўшимча 15 та штат бирлиги ажратилсин ва унинг тузилмасида Рақамли тарғибот бўлими ташкил этилади.
Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимларига қўшимча 2 тадан, туман (шаҳар) бўлинмаларига аҳоли сони 200 мингдан ортиқ бўлганда 2 тадан, 200 мингдан кам бўлган тақдирда эса 1 тадан қўшимча штат бирликлари ажратилади.
Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг “Маънавият тарғиботчиси” таълим муассасаси негизида Марказ ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини ташкил этилади. Шунингдек, “Тафаккур” ва “Маънавий ҳаёт” журналлари ҳамда “Маънавият” нашриётини Марказ тасарруфига ўтказилади.
“Маънавият” нашриёти фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси ҳисобидан бир ой муддатда 1 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади.
2021 йил 1 апрелдан бошлаб ҳар бир умумтаълим муассасасида жорий этилган ижтимоий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимини молиялаштириш учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 0,5 штат бирлиги ажратилади ҳамда унинг иш ҳақи миқдори умумтаълим муассасаси олий маълумотли ўқитувчиси учун ўрнатилган базавий тариф ставкаси миқдорида белгиланади.
Давлат олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида, талабалар сонидан қатъи назар, ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор (директор ўринбосари) лавозими жорий этилади. Бунда, олий таълим муассасаларида мавжуд ёшлар билан ишлаш бўйича проректор (директор ўринбосари) лавозими қисқартирилади.
Ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшлар онги ва қалбида маънавий фазилатларни юксалтириш, оила ва маҳаллаларда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида барча туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат маскани ташкил этилади. Мазкур масканлар янги қурилишлар орқали ёки бўш турган биноларда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ташкил этилади.
2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим тизимининг тегишли таълим йўналишлари ўқув режаларига бакалавриат босқичида “Маънавиятшунослик”, магистратура босқичида “Касбий маънавият” фанлари киритилишини ҳамда магистратура таълим босқичида “PR-менежер” мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланиши йўлга қўйилади.
Республика маънавият ва маърифат маркази ҳузурида юридик шахс мақомисиз Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси ташкил этилади. Молия вазирлиги 2021 йилда Жамғармага 120 млрд сўм ажратади, жумладан:
– Республика Маънавият ва маърифат марказига мамлакат миқёсида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш учун – 10 млрд сўм;
– унинг ҳудудий бўлимларига жойларда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантириш учун – 90 млрд сўм, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун – 20 млрд сўм маблағ ажратилади.
Шарҳлар