Ўзбекистонда болалар боғчасига имтиёзли қабул қилиш рўйхати кенгайтирилди

“Аёллар дафтари”га киритилган ёлғиз аёлларнинг фарзандлари ҳам боғчага имтиёзли рўйхат асосида қабул қилинади. Бу ҳақда  Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига киритилган ўзгаришларда сўз боради, деб ёзади Адлия вазирлигининг Telegram-канали.
 
Ўзгартиришларга кўра, мактабгача ташкилотларга устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга болалар рўйхати (имтиёзли рўйхат) янгиланди. Эндиликда болаларнинг қуйидаги контингенти боғчага устунлик билан қабул қилиниш ҳуқуқига эга бўлади:
 
● I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг болалари (илгари – ногирон бўлган шахсларнинг болалари);
●  кўп болали оилаларнинг болалари;
●  етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар;
●  “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз аёлларнинг болалари;
●  контракт бўйича ҳарбий хизматчиларнинг ва ички ишлар органлари ходимларининг болалари (илгари – ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари);
●  талабалар ва педагогларнинг болалари;
●  акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар;
●  кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача ташкилотлардан умумий турдаги мактабгача ташкилотларга ўтказилаётган соғайган болалар (илгари – бошқа муассасалардан ўтказилган болалар).
 
Болаларни имтиёзли рўйхат бўйича қабул қилиш давлат-хусусий шерикликка асосланган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига татбиқ этилмайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.