Ўзбекистонда давлат чегараларини патрул қилиш учун кўнгилли отряд ташкил қилиш таклиф этилди
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати давлат чегарасини қўриқлашда ёрдам берадиган “Чегара посбонлари” ёрдамчи отрядларини ташкил қилиниши ҳақида эълон қилди. Чегара ҳудудларида истиқомат қилувчи ҳамда давлат чегараси яқинида жойлашган ташкилотларда ишлайдиган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқаролар отрядлар аъзоси бўлиши мумкин, дейилади ДХХ томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳасида. Бу ҳақда “Фергана” ахборот агентлиги хабар беради.
Отрядларга фақат ижобий характеристикага ва яхши соғлиққа эга фуқароларгина қабул қилинади. Улар тегишли гувоҳномалар билан таъминланади.
Отрядлар 10 кишидан ташкил топади. Улар чегарага яқин ҳудудларни патрул қилиш, у ерда учраган фуқароларнинг ҳужжатларини текшириш, улардан режим ва жамоатчилик тартиби қоидаларига амал қилишларини талаб этиш, давлат чегараси билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатларни содир этишда гумон қилинаётган шахсларни ушлаш ва уларни чегара бўлинмаларига етказиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шунингдек улар чегарадаги низоли вазиятларни бартараф этишда қатнашишга ва чегара ҳудудлардаги аҳоли пунктларига олиб борувчи йўналишларни тўсиб қўйишга жалб этилади.
Отряд аъзолари билан меҳнат шартномаси тузилмайди, меҳнат шартномасига ҳам ёзув киритилмайди. Аммо маош тўланади. Командирларга ҳар ойда энг кам иш ҳақининг 1,41 баробаригача (1 млн сўмга яқин), қолганларга энг кам иш ҳақининг 1,06 баробаригача (720 минг сўм) миқдорда ҳар ойлик тўловлар тўланади.
Яхши иш учун уларни фахрий ёрлиқлар, қимматбаҳо совғалар ёки пул мукофоти билан мукофотлашлари мумкин. Хизмат пайтида ҳалок бўлганида ёки жиддий жароҳат олганида отряд аъзосига ва унинг оиласига молиявий ёрдам кўрсатилади.
“Чегара посбонлари” отрядида аъзолик армия хизматидан озод этмайди, аммо чегара қўшинлари командирларининг тавсияси бўйича чегарада хизмат қилиш мумкин.
Шарҳлар