Ўзбекистонда фуқаролар йиғини фаолиятининг самарадорлик рейтинги пайдо бўлади

Ўзбекистонда фуқаролар йиғини фаолиятининг самарадорлик рейтинги пайдо бўлади

Ҳукумат қарори билан Фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.
  
Низомга кўра, фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлиги ҳар ярим йиллик якуни бўйича рейтинг баҳоланади.
 
Баҳолаш Маҳалла ва оилани кўллаб-қувватлаш вазирлигининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан амалга оширилади.
 
Фуқаролар йиғинлари фаолиятини баҳолашда фуқаролар йиғинининг ҳар бир ходимининг ўз функционал вазифаларини сидқидилдан бажарганлиги ва унинг ташаббускорлигига алоҳида эътибор қаратилади.
 
Маҳаллада эҳтиёжманд ва камбағал оилаларни аниқлаш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилган манзилли ишлар натижаси баҳолаш кўрсаткичларидан бири ҳисобланади.
 
Баҳолаш натижаларига кўра фуқаролар йиғинлари ходимлари ва жамоатчилик асосида меҳнат қилаётган шахсларнинг ҳар бирига: ярим йиллик натижалари бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,75 бараваригача бир маротаба пул маблағлари ажратилади; йил якуни натижалари бўйича республика ҳудудидаги санаторийлардан бирига соғлигини тиклаш учун бир маротабалик бепул йўлланма берилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.