Ўзбекистонда коронавирус бўйича охирги янгиликлар билан танишинг
Коронавирус бўйича охирги янгиликларни тўпладик. Мавзу бўйича расмий маълумотларни бу ерда кузатиб бориш мумкин. Бу орада эса Ўзбекистонда вирусни юқтирганлар сони 41 кишига етди.
Видеоконференциялар орқали ўтказиладиган судлар
Кўчма суд мажлислари, фуқароларни қабул қилиш вақтинчалик тўхтатилди. Фуқароларга ҳужжатларни судга электрон шаклда ёки почта орқали юбориш тавсия этилмоқда. Судлар фаақт шошилинч ишларни кўриб чиқади.
Техник имконият мавжуд бўлганида судлар ўз мажлисларини видеоконференциялар режимида ташкил қилади. Бироқ суд мажлисига кўриб чиқилаётган иш иштирокчи бўлмаган шахслар қўйилмайди.
Визалар 5 майгача узайтирилди
Чет эл фуқаролари учун визани 5 майгача узайтирилди. Бундан олдин визани 10 апрелгача узайтириш режалаштирилганди. Ушбу қарор бошқа мамлакатлар билан алоқалар чекланганини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди.
Телефонларга ишлов бериш лозим
«Мобил телефонлар орқали коронавирусни юқтириш хавфи жуда юқори. Смартфонларни мунтазам равишда дезинфекциялаш лозим», – дейди бош давлат санитар шифокори Бахром Алматов.
Коронавирусга чалинганлар учун учта касалхона қурилади
Келгусида улардан тиббий соҳадаги бошқа мақсадларда фойдаланиш режалаштирилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева маълум қилади.
Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилишда давом этмоқда
Uzbekistan Airways компаниясининг ҳаво кемаси Деҳлидан Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилди ва Тошкентда қўнди.
Бундан ташқари, чартер рейслари ёрдамида бошқа мамлакатлардаги ўзбекистонликларни эвакуация қилишмоқда.
Аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига ёрдам
Миллиардер Фаттоҳ Шодиев жамғармаси бутун мамлакат бўйлаб кексалар ва кам таъминланган оилаларни озиқ-овқат маҳсулотлари ва дезинфекциялаш воситалари билан таъминлайди.
Карантиндан қочганлар қўлга олинди
Қашқадарё вилоятида фуқаро карантиндан қочишга уринган, аммо у Миллий гвардия ходими томонидан қўлга олинган. Айни пайтда ушбу эркакка нисбатан жиноий иш қўзғатиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бундан олдин Самарқанд вилоятида карантиндан қочган эркакка нисбатан “санитария қонунчилигини ва эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилганди.
ИИВ фуқароларни ижарага бериладиган дала-ҳовлиларга бормасликка чақиради
«Дала-ҳовлиларни қисқа муддатли ижарага бериш, бу жойларда турли ҳудудлардан келадиган фуқароларнинг бўлиши, дала-ҳовлиларнинг кўпчилигида дезинфекция тадбирларининг талаб қилинган даражада ўтказилмаслиги ва санитария-эпидемиологик қоидаларга амал қилмаслик вирусни юқтириш хавфини ва вирусли инфекция тарқалиши даражасини оширади», – дейилади ИИВ хабарида.
Ниқоблар энди тиббий буюмлар рўйхатида эмас
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирининг ниқобларни рўйхатдан чиқариш ҳақидаги буйруғи 20 март куни Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди. Бундан буён ниқобларни ишлаб чиқариш ва сотиш учун лицензия бўлиши талаб қилинмайди. Шунингдек улар давлат рўйхатидан ўтказилмайди.
Шарҳлар