Ўзбекистонда коронавирус – шу соат янгиликлари
Коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони 1716 тага етди. Коронавирус бўйича шу соатнинг охирги янгиликларини тўпладик, мавзу бўйича расмий ахборотни бу ерда кузатиб бориш мумкин.
Ўзбекистонда “Саховат ва кўмак” жамғармаси ташкил қилинди
Фонд ва унинг бўлимлари «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ҳузурида очилиб, улар юридик шахс ҳисобланмайди. Жамғарма маблағлари ҳомийлик ва хайрия маблағлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади. Жамғарма маблағлари коронавирус пандемияси ва карантин даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ва ёлғиз қарияларга, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган жисмоний шахсларга пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш учун ишлатилади.
«Уральские авиалинии» компанияси Москвадан Тошкентга яна 155 нафар Ўзбекистон фуқаросини олиб келди
«Уральские авиалинии» компанияси 22 апрель куни Москвадан Тошкентга 155 нафар Ўзбекистон фуқаросини олиб келган. Тескари йўналишда 48 киши, шу жумладан 18 нафар Беларусь фуқароси учиб кетиши кўзда тутилган.
Учиб келган барча йўловчиларнинг ҳаммаси карантинга жойлаштирилди.
15 апрель куни ушбу авиакомпания Екатеринбургдан Тошкентга махсус рейс билан парвоз қилганди, унда Чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаш марказидаги 152 нафар ўзбекистонлик олиб келинганди.
Солиқ тушумлари 20 кун ичида 30-50% га камайди
апрелнинг 20 куни давомида қатор вилоятларда солиқ тушумлари 30-40% га, айрим туман ва шаҳарларда эса 50% дан кўпга камайган. Бу ҳақда президентнинг бандлик ва аҳоли даромадларини сақлаш масалалари бўйича йиғилишидан кейин маълум бўлди.
Президентнинг қайд этишича, тадбиркорлар ва фермерлар камбағал оилаларга томорқаларида хўжалик ишлари билан банд бўлишга ёрдам беришлари, ўз ерларидан такрор ҳосил олиш учун майдон ажратишлари керак. давлат бундай субъектларга солиқлар ёки кредитлар бўйича муддатларни чўзиш имкониятини тақдим этади.
Шунингдек йиғилишда карантин чекловлари натижасида ишсиз қолган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Масофадан туриб ҳунар ўрганиш ва оммабоп тўлов тизимлари
Шавкат Мирзиёев йиғилишда масофавий ўқув курслар ташкил этиб, ёшлар ва аёлларга ҳунар ўргатиш, ўз мактабига эга ҳунарманд усталар тажрибасини телевидение орқали оммалаштириш бўйича топшириқлар берилди. “Ҳунарманд” уюшмаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига ҳунармандчилик маҳсулотларини Ўзбекистон миллий бренди остида хорижда сотишни таъминловчи онлайн платформа яратиш вазифаси юклатилди.
Фрилансерлар учун масофадан ҳисоб рақами очиш, почта, тўловларни қабул қилишда қатор тўсиқлар мавжуд. Оқибатда ушбу фаолият билан шуғулланувчиларнинг харажатлари 2-3 баробар ошиб кетмоқда. оҳани ривожлантириш учун хорижда оммабоп бўлган тўлов тизимларини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.
Ўтган йил декабрь ойида Ўзбекистон Марказий банки Anhor.uz нашрининг бу борадаги сўровига PayPal, Apple Pay ва Google Pay компаниялари “қисқа муддатли истиқболда ушбу тизимларни мамлакатимизда ишга тушириш бўйича режаларга эга эмас” деган жавобни берганди, ҳолбуки ушбу тўлов тизимларига қўшилиш масаласи президент қарори билан тартибга солинган. Ушбу қарорга кўра Ўзбекистон мазкур тизимларга 2018 йил июнь ойида қўшилиши лозим эди.
Шарҳлар