Ўзбекистонда коронавирус. Шу соат янгиликлари

Ўзбекистонда коронавирус. Шу соат янгиликлари

Коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони 1758  тага етди. Коронавирус бўйича шу соатнинг охирги янгиликларини тўпладик, мавзу бўйича расмий ахборотни бу ерда кузатиб бориш мумкин
 
Ўзбекистон камида $1,6 млрд қарз олади

Ўзбекистон коронавируснинг салбий оқибатларини енгиб ўтиш учун халқаро молия институтларидан камида 1,625 млрд доллар миқдорида қарз маблағларини олишни режалаштирмоқда.

Халқаро молия институтлари Ўзбекистонга жами 3 млрд долларлик узоқ муддатли имтиёзли кредит ва грант маблағларини тақдим этишга тайёр. Бу ҳақда ҳукуматнинг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, бюджет, базавий инфратузилма ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун ташқи кўмак маблағларини жалб этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида сўз боради.

Алишер Усмонов Ўзбекистонга яна 5 млн долларлик ёрдам бермоқчи

Бундан олдин миллионер коронавирусга қарши курашиш учун 20 млн доллар ажратганди. Бу сафрги маблағлар Зангиота туманида қурилаётган касалхонани жиҳозлашга сарфланади.

Молия вазири Инқирозга қарши курашиш жамғармасида қанча маблағ борлигини айтди

«Бугунги кунда биз Инқирозга қарши курашиш жамғармасида 2,1 трлн сўм тўплаганмиз. Албатта, биз бу жамғармани халқаро молия инстутларининг маблағларини жалб этган ҳолда шакллантиряпмиз, апрель ойи охири ва май ойи бошида маблағлар туша бошлайди. Аммо Ўзбекистон, ўзини ҳурмат қилувчи ҳар қандай мамлакат сингари, ўз ресурсларига эга.

Биз қисман бюджетдан 600 млрд сўм ажратдик, бундан ташқари, биз олдин халқаро молия институтларидан жалб этилган маблағлар қолдиқларидан 1,5 трлн сўм ажратдик ва шу тариқа, 2 трлн 100 млрд сўм йиғилди», – дейди молия вазири Тимур Ишметов.

Тошкентда 6 та касалхона карантинга ёпилди

Булар 7-сонли туғруқхона мажмуи, Республика перинатал маркази, Республика ихтисослаштирилган эндикринология илмий-амалий тиббий маркази, 5-сонли шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси, Республика шошилиня тиббий ёрдам илмий маркази, “Шохмед” хусусий клиникаси.
 
Uzbekistan Airways компанияси Туркиядан инсонпарварлик ёрдамини олиб келди

23 апрель куни «Uzbekistan Airways» махсус рейси билан Тошкентга Туркия ишбилармонлар доирасининг вакиллари томонидан шакллантирилган инсонпарварлик ёрдами етиб келди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар беради.

Юк таркибидан 50 мингта ҳимоя ниқоби, 200 мингта ҳимоя комбинезони ва худди шунча ҳимоя шлемлари жой олган. Улар «Çalık Holding» ва «Kani-Med Healthcare» турк компаниялари томонидан тақдим этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат томонидан коронавирусга чалинган ҳар бир беморга қанча маблағ сарфланишини айтди

«Ўзбекистонда коронавирусга чалинган ҳар бир беморга ўртача 32 млн сўм сарфланади. Жадал терапия бўлимида оғир аҳволда ётган ҳар бир беморга ўртача 64 млн сўм сарфланади.

Карантинда сақланаётган ҳар бир фуқарога 2,2 млн. сўм ва коронавирусдан соғайган ва реабилитациядан ўтаётган ҳар бир беморга 2,8 млн сўм сарфланади», – дейди соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.