Ўзбекистонда коронавирус – сўнгги янгиликлар
Коронавирусга чалиниш ҳолатлари сони 2094 тага, соғайганлар сони 1229 тага етди. Коронавирус бўйича шу соатнинг охирги янгиликларини тўпладик, мавзу бўйича расмий ахборотни бу ерда кузатиб бориш мумкин.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси киракашларга (такси) йўловчиларни ташишга рухсат берилмаганини билдирди
Айни пайтда такси хизматларига йўловчиларни ташишга рухсат берилмаган. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ мультимедиа марказининг видеолавҳасида сўз боради. MyTaxi раҳбари Акмал Пайзиев бу қарорни адолатсиз деб айтди.
«Бунда ҳаммада ҳам шифокорга йўлланма ва уни қандай олиш кераклиги ҳақида тушунча йўқ. Кўпчилик уйдан ишгача ва ишдан уйгача соатлаб пиёда юришига тўғри келяпти. кимдир бир соат пиёда юриши, кимдир эса машинада бориши адолатдан эмас, деб ўйлайман», – таъкидлайди у.
ЕИ ва БМТТД қишлоқлар учун индивидуал ҳимоя воситаларини тақдим этди
Инсонпарварлик ёрдами 52 мингта ниқоб ва 3800 та антисептик воситани ўз ичига олган. Индивидуал ҳимоя воситаси 31 мингдан ортиқ кишига тарқатилди. Шу билан бирга, қишлоқ аҳолисига Ўзбекистонда COVID-19 ҳақидаги хабардорликни ошириш учун ахборот материаллари ҳам берилди.
Ўзбекистон тожик автоташувчиларига фақат учта НЎП орқали ўтишга рухсат берди
Коронавирусга қарши курашиш бўйича махсус комиссия қарорига кўра, 30 апрелдан бошлаб Тожикистоннинг транзит автоташувчилари қўшни давлат ҳудудига фақат учта – “Сариосиё”, “Ойбек” ва “Тўғон” назорат ўтказиш пунктлари орқали ўтишлари мумкин. Икки давлат чегарасидаги қолган 14 та НЎП ёпиқлигича қолмоқда. Транзит ҳайдовчиларга Ўзбекистон ҳудудида ҳимоя комбинезонларини кийиш, қўлқоплар ва тиббий ниқобларни тақиш мажбурияти юкланди.
Шарҳлар