Ўзбекистонда коронавируснинг “британча” штамми қайд этилди

COVID-19 нинг  «британча» штамми Ўзбекистонда илк бор қайд этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ)нинг матбуот хизматига соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари – Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев маълум қилган.
 
2010 йилда туғилган пойтахтлик фуқаро Ш. оила аъзолари билан биргаликда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига сафар қилиб, 2021 йилнинг 23 январь куни Тошкентга қайтган.
 
Ўрнатилган тартибга кўра, халқаро аэропортда фуқародан экспресс усулида тест олинганда, унда ижобий натижа қайд қилинган. Шундан сўнг, бемор зудлик билан юқумли касалликлар шифохонасига тез ёрдам машинасида олиб келинган. Шифохонада ўша куннинг ўзида функционал-клиник текширувлардан ўтказилди ва унга “COVID-19”нинг симптомсиз кечиши ташхиси қўйилди.

10 ёшли қизчанинг қолган оила аъзоларида коронавирус аниқланмаган, улар ҳозир уй карантинида.

ССВнинг қайд этишича, ҳозирда беморнинг умумий ҳолати қониқарли, шикоятлари йўқ, тегишли тиббий стандартлар бўйича даво муолажаларини олмоқда
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.