Ўзбекистонда махсус платформа ёрдамида аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш таклиф қилинмоқда
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида Вазирлар Маҳкамасининг "AZIZ-AYOL.UZ" ягона интерактив миллий платформасини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Бу ҳақда Тошкент ҳокимлиги матбуот хизмати ёзмоқда.
AZIZ-AYOL.UZ ягона интерактив миллий платформаси қизларни турмушга тайёрлаш, болаларни тарбиялаш бўйича маҳоратини ошириш, уларни турли хил зулм ва зўравонлик кўринишларидан ҳимоя қилиш, оилаларда ўз жонига қасд қилиш ва ажрашишнинг олдини олиш, аёлларнинг маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бандлигини таъминлаш, касбга ўргатиш ва тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида Бош прокуратура ва касаба уюшмалари федерацияси томонидан ишлаб чиқилган.
Ушбу платформа қуйидаги вазифаларни бажаради:
– қизлар ва аёллар, шу жумладан "Аёллар дафтари" га киритилганларни иш билан бандлигини таъминлашда ёрдам бериш;
– қизлар ва аёлларни касб ва ҳунарга ўргатиш учун имкониятлар яратиш;
– қизлар ва аёлларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишга кўмаклашиш;
– қизлар ва аёлларни турли хил зулмлардан, зўравонликлардан ҳимоя қилиш, ўз жонига қасд қилишлар,ажралишларнинг олдини олиш учун психологик, ҳуқуқий ва тиббий маслаҳатлар бериш;
– қизларни турмушга, болаларни тарбиялашга тайёрлаш ва уларга соғлом турмуш тарзини ўргатиш;
– аёллар маънавиятини ошириш, улар орасида китобхонликни оммалаштириш.
"Касаба уюшмалари федерацияси платформанинг сақланиши ва узлуксиз ишлаши учун жавобгардир ва тўғридан-тўғри онлайн кириш ва жавоб бериш хизматларини, шунингдек фойдаланувчилар учун бошқа қўшимча функцияларни жорий этиш орқали уни янада яхшилаб боради", дейилади хабарда.
Лойиҳа бўйича таклифларингизни 2 апрелга қадар юборишингиз мумкин.
Шарҳлар