Ўзбекистонда минимал истеъмолчилик харажатлари ҳисобланди

Минимал истеъмолчилик харажатлари киши бошига ойига 440 000 сўмга баҳоланди. Бу ҳақда Spot нашри Молия вазирлигининг матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.
 
Минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш учун тажриба сифатида Жаҳон банки кўмагида 2020 йилда республиканинг барча ҳудудларидан танлаб олинган 5 400 та уй хўжаликларида сўровнома ўтказилди. Бунда сўровномада иштирок этган уй хўжаликлари харажатлари миқдори бўйича ўнта гуруҳга ажратилиб, ушбу оилалар орасидан энг кам харажат (даромад)га эга бўлган 30 фоиз уй хўжаликлари ажратиб олинди.
 
Сўровнома натижасида олинган маълумотлар асосида мазкур оилаларда жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 ккал) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлар бир ойда киши бошига (жорий йилдаги нархлар ўзгаришини инобатга олган ҳолда) камида 440 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинди.

Ҳисобланган минимал истеъмол харажатларининг жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотга нисбати (ЯИМ) 26,8 фоиз бўлиб, мазкур кўрсаткич ривожланаётган мамлакатларда асосан 4-20 фоизни ташкил этади.

Бу дастлабки рақамлар. 2021 йилда эксперимент давом этади ва яна 10 мингта уй хўжалиги сўровдан ўтказилади. Уларнинг натижалари бўйича минимал истеъмолчилик харажатларини ҳисоблаш методологиясини тақдилаш ва унинг қайта ҳисобланган суммасини чоп этиш режалаштирилмоқда.

Шу йил февраль ойида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Ўзбекистонда истеъмол саватини ҳисоблаб чиққанди. Ушбу ҳисоб-китобларга кўра, истеъмол саватининг суммаси тахминан 2 млн 157 минг сўмни ташкил қилади.
 
Аввалроқ журналист қизимиз ХДП депутатининг ойига 400 минг сўмга яшаш мумкинлиги ҳақидаги гапини ўз тажрибасида синаб кўрганди
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.