Ўзбекистонда Муқобил тиббиётни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг экспертларини жалб қилган ҳолда, Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси, “Табобат” академияси ва манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-2025 йилларда Ўзбекистонда халқ табобатини ривожлантириш концепциясини мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар) ҳамда уни амалга оширишга доир йиллар бўйича “Йўл харитаси” билан биргаликда тасдиқлашни назарда тутувчи қарори лойиҳасини белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди. Бу ҳақда Президент қарорида сўз боради.
Шавкат Мирзиёев Концепцияни ишлаб чиқишда қуйидагиларни эътиборга олишни топширди:
– 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси билан узвий боғлиқ бўлиши;
– аниқ механизмлар ва босқичларни кўрсатган ҳолда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Халқ табобати соҳасидаги 2014-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясида назарда тутилган тавсиялар ва таклифларни амалда бажариш;
– Хитой, Корея, Япония, Ҳиндистон, Вьетнам, Франция, Россия ва бошқа мамлакатларнинг халқ табобатини ривожлантириш борасидаги илғор институционал тажрибасини, шу жумладан, жойига бориб кенг ўрганиш;
– ўтказилган таҳлиллар ва тадқиқотлар асосида халқ табобати воситалари ва усулларининг сифати ҳамда хавфсизлигини тартибга солишнинг институционал механизмларини ишлаб чиқиш, шунингдек, унинг асосий йўналишларини ривожлантириш.
Шарҳлар