Ўзбекистонда ЙҲХ бузган хорижликлар ўз автотранспортини жарима тўламасдан олиб чиқиб кетолмайди
Ўзбекистон ҳудудида Йўл ҳаракати қоидаларини (ЙҲҚ) бузган хорижий автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ёки бошқа шахслардан тегишли жарималарни ушбу автотранспорт воситалари республика ҳудудидан олиб чиқиб кетилганда божхона органлари томонидан ички ишлар органлари «онлайн» режимда тақдим этган маълумотлар асосида ундириш механизми жорий этилади. Бу ҳақда Norma.uz Вазирлар Маҳкамасининг қарорига таянган ҳолда хабар беради.
Ушбу қоида қуйидагиларга татбиқ этилмайди:
· Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг, шунингдек уларга тенглаштирилган ташкилотларнинг автотранспорт воситаларига;
· Ўзбекистон ҳудудига вақтинча кирган ёки транзит ҳаракатланишда бўлган хорижий расмий делегациялар автотранспорт воситаларига.
Давлат божхона қўмитасига (ДБҚ) ИИВ билан биргаликда хорижий автотранспорт воситалари ЙҲҚни бузганлигини аниқлаш мақсадида ИИВнинг махсус автоматлаштириш фото- ва видеофиксация маълумотлар базасини бир ой муддатда ДБҚ маълумотлар базаси билан интеграциялаштириш топширилди.
Божхона органлари томонидан ундирилган жарима суммасидан ИИВнинг бюджетдан ташқари жамғармасига ажратилиши белгиланган қисмнинг 50%и ДБҚнинг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилган харажатлар махсус жамғармасига ўтказилади.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ЙҲҚни бузган хорижий автотранспорт воситалари ҳайдовчиларидан жарималарни ундириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Божхона органи ходими томонидан хорижий транспорт воситаси ҳайдовчиси ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахсдан жарималарни ундиришда ИИВнинг маълумотлар базасидан ДБҚнинг маълумотлар базасига келиб тушган жарима солиш тўғрисидаги қарор асос бўлади.
Божхона органи ходими томонидан қоидабузар жарима тўлаганидан кейин автотранспорт воситасининг республикадан олиб чиқилишига йўл қўйилиши тўғрисида огоҳлантирилади.
Жарима хорижий автотранспорт воситасининг эгасидан, ҳайдовчисидан ёки уни амалда олиб чиқаётган бошқа шахсдан ундирилади. Улар жаримани чегара божхона постидаги банк кассалари ёки электрон тўлов тизимлари ёхуд ўзига ўзи хизмат кўрсатиш терминаллари орқали тўлайдилар.
Жарима тўланмаган тақдирда, божхона органларига ҳудудий ички ишлар органлари билан биргаликда мазкур жарима суммаси тўлиқ ундирилгунга қадар МЖТКнинг 291-моддасида белгиланган тартибда ушбу транспорт воситалари вақтинча сақловга олинади. Транспорт белгиланган жойларда 60 кун мобайнида сақланади. Ушбу муддат ичида жарима суммаси тўланмаган тақдирда, тўланмаган қарздорлик суммасини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мажбурий ижро бюроси ёки суд орқали ундириш чоралари кўрилади.
Шарҳлар