Ўзбекистонда зўрлик ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказини ташкил қилишни таклиф этишмоқда

Ўзбекистонда “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорининг лойиҳаси муҳокамага чиқарилди, деб ёзади Sputnik нашри.

Ҳужжатнинг мақсади хотин-қизлар ва болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олиш, аёллар ва болалар ўртасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш, ўз жонига қасд қилишнинг асл сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, ўз вақтида ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш чораларини кўришдан иборат.
 
Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш зарурати тизимдаги камчиликлар ва ижтимоий-ҳуқуқий ва руҳий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги муаммолар сабабли юзага келди.
 
Мустақил орган сифатида Зўрлик ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Маркази ташкил қилинади. Марказ ўз фаолиятини анонимлик, ахборотнинг махфийлиги, касбий маҳорат ва хавфсизлик принциплари асосида амалга оширади.

Марказ ва унинг ҳудудий филиалларига қуйидагилар жойлаштирилади:

зўравонликдан жабрланган (уриш, дўппослаш, қийнаш, азоб бериш йўли билан ёки қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар воситасида руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандлари);

ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар ва 14 ёшга тўлмаган вояга етмаган шахслар жойлаштирилади.

Шунингдек, ҳукумат Жиноят ва Жиноий-процессуал кодексларига айрим ўзгаришларни киритишни режалаштирмоқда. Хусусан, вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар, хусусан, Жиноят кодексининг 128 (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқага киришиш) ва 129-моддалари (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар) санкциялари кучайтирилади.
 
Бундан ташқари, жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдирганлик учун жавобгарликка тортиш ёши 14 ёш этиб белгилаш режалаштирилмоқда.
 
Яна бир таклиф этилаётган чора – бу ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар содир этган жинояти учун вояга етмаган шахс жазони ўтаб бўлганидан сўнг судланмаган деб ҳисоблаш.
 
Вояга етмаган жабрланувчи ёки гувоҳни сўроқ қилишнинг умумий давомийлиги кун давомида дам олиш ва овқатланиш учун бир соатлик танаффусни ҳисобга олмаганда тўрт соатдан ошмаслиги керак.

Шу билан бирга вояга етмаган жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи ёки айбланувчини сўроқ қилишда вояга етмаган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг илтимосига кўра психолог иштирок этиши каби нормалар билан тўлдиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши кўзда тутилмоқда.
 
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда вояга етмаган шахслар билан ўзаро алоқани амалга ошириш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш учун мўлжалланган, 24 соат узлуксиз ишлайдиган “ишонч телефони”ни (республика доирасида ягона қисқа рақам) йўлга қўяди ва унинг фаолиятидан аҳолини оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб боради.
 
 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.