Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаларида рақамлаштириш бўйича бошлиқ ўринбосари лавозими жорий этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 18 май куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишини ўтказди.
Вилоят тиббиёт бошқармаларида рақамлаштириш ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича ўринбосар лавозими ташкил этилиши белгиланди. Шунингдек, барча тиббиёт муассасаларида электрон тизим билан ишлайдиган 2 мингта оператор-ҳамшира вазифаси жорий этилади.
Президент сурункали касалликларни бирламчи бўғинда даволаш, айниқса, юрак-қон томир ва ошқозон-ичак хасталиклари профилактикасини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади. Бирламчи бўғинда даволаш зарур бўлган касалликлар бўйича бепул тиббий хизматлар пакети жорий этилиши белгиланди.
Шавкат Мирзиёев вилоят ва туман касалхоналарида даволаниши керак бўлган касалликлар рўйхатини тасдиқлашни ҳамда шифокорларнинг малакасини ошириш бўйича чораларни кўришни топширди.
Шу йил 1 августга қадар электрон ордер тизимини ишга тушириб, барча ҳудудлар ва ихтисослашган марказларни улаш, 1 ноябрга қадар Тошкент шаҳридаги барча поликлиникаларни тўлиқ рақамлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Вилоятларда Перинатал ва Скрининг марказлари ягона кластер сифатида бирлаштирилиб, тумангача тушадиган бўғин ташкил қилиниши қайд этилди.
Шарҳлар