Вояга етмаган қиз зўрлангани ҳақида хабар берган, гумондорлардан бири ўлик ҳолда топилган, қизнинг ўзи йўқолган

2 январь куни П.Э. (2004 й.т.) Каттақўрғон туман ИИБга мурожаат қилиб, уни зўрлаган икки фуқаро устидан ариза ёзган. Бу ҳақда “Газета” нашри Самарқанд вилоят прокуратурасига таянган ҳолда ёзади.

Прокуратура маълумотларига кўра, фуқаро И.С. ўзининг «Матиз» автомашинасида қизни Каттақўрғон шаҳар «Чинобод» маҳалласига олиб бориб, зўрлик ишлатиб номусига теккан. Бундан ташқари, С.Р. ҳам П.Э.ни Каттақўрғон туманидаги «Сув омбори»га олиб бориб, зўрлаганлиги айтилади.
 
Текширув бошланиб, қизнинг жароҳатларини аниқлаш учун суд тиббиёт экспертизаси тайинланган.
 
13 январь куни гумонланувчи шахслардан бири С.Р. ўзининг уйида вафот этганлиги аниқланган, унинг ўлими сабаблари ўрганилмоқда.
 
14 январда эса П.Э.нинг онаси С.С. қизининг 10 январда уйдан номаълум томонга чиқиб кетиб, қайтиб келмаганини ва бедарак йўқолганлигини маълум қилган.

Терговга қадар текшириш ҳаракатлари давом этмоқда.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.