Янги Ангрен иссиқлик электр станциясининг энергия блокида юз берган чақнашда уч киши ҳалок бўлди

Бугун соат 11:42 да профилактика мақсадида бир кун олдин тўхтатилган Янги Ангрен иссиқлик электр станциясининг 5-энергия блокида чангли кўмирли ҳаво аралашмаси чақнаши рўй берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
 
Ҳодиса натижасида уч киши жароҳатлардан вафот этди, яна уч киши турли даражадаги куйиш жароҳатлари олди. Ҳалок бўлганлар  ва жароҳат олганлар 5-энергия блокида профилактика ишларини олиб борган хизмат кўрсатиш корхоналари ходимлари ҳисобланади.
 
Воқеа жойида фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланадиган Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг кучлари ва воситалари жал қилинган. Чақнашнинг келиб чиқиш сабаблари ва шартлари бўйича тергов бошланди.
 
Авария натижасида Янги Ангрен иссиқлик электр станциясининг инфратузилмаси ва технологик ускуналари зарар кўрмади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.