Янги ассоциация инклюзив туризмни ривожлантириш билан шуғулланади
Барча тоифадаги туристларни қамраб олиш ва улар учун қулай шароитларни яратиш учун Ўзбекистонда Социал туризм ассоциацияси ташкил қилинди, дея хабар беради Давлат туризм қўмитаси.
Ассоциациянинг асосий вазифалари:
– имконияти чекланган юртдошларимиз ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун хайрия акцияларини ўтказиш;
– имконияти чекланган шахслар саёҳат қилишлари учун шароитлар яратишга кўмаклашиш;
– социал туризм соҳасида давлат дастурлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳамда жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
– инклюзив туризмни ривожлантириш доирасида болалар, ёшлар, учинчи ёш тоифа вакиллари, шунингдек ногиронлиги бўлган кишилар учун туризм ҳамда экскурсияларни ташкил этишга кўмаклашиш ва бошқалар.
Ўзбекистон социал туризм ассоциацияси мамлакатимизда инклюзив туризмни ривожлантиришга ҳамда бу борада хорижий турдош уюшмалар билан ҳамкорлик алоқаларни ўрнатиш йўлида хизмат қилади.
Социал туризм ассоциацияси кенгашининг раиси Изатилло Ходжаевнинг сўзларига кўра, Ассоциацция Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшиш истагидаги жисмоний шахсларни бирлаштириш ва уларнинг саъй-ҳаракатларини социал туризмни ривожлантиришга йўналтириш, жумладан болалар, ёшлар, кексалар, шунингдек ногиронлиги бўлган юртдошларимизнинг саёҳатларини ташкил этишга кўмаклашади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда имконияти чекланган юртдошларимиз учун “Саёҳат барча учун!” хайрия саёҳати ташкил этилади ҳамда уларнинг диққатга сазовор масканларда саёҳат қилиш имкониятларини баҳолаш ишлари амалга оширилади.
Шарҳлар