Йўл ҳақи учун автоматлаштирилган тўлов тизими “Швециянинг BPC billet group компанияси” билан ҳамкорликда жорий этилади
Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2020 йил 1 январдан бошлаб Тошкент жамоатчилик транспортини йўл ҳақи учун автоматлаштирилган тўлов тизими қамраб олишини билдирди. Ҳокимият берган маълумотларга кўра, тизим босқичма-босқич жорий этилади.
Биринчи босқичда стационар валидаторлар Тошкентнинг 200 та автобусида ўрнатилади, қолган ҳолатларда портатив валидаторлар қўлланади.
«Янги тўлов тизимини Швециянинг BPC billet group компанияси билан ҳамкорликда ишга тушириш режалаштирилмоқда. BPC billet group компаниясининг Россия филили мутахассислари ҳозирнинг ўзидаёқ «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ қошидаги автобус паркларининг ҳайдовчилари, кондукторлари ва кассирлари билан ўқитиш ишларини олиб бормоқда», – дейилади ҳокимлик хабарида.
Швециянинг BPC billet group компаниясини интернетда излаш ҳеч қандай натижаларни бермади. Афтидан, Швейцариянинг BPC AG компанияси назарда тутилган бўлса керак, яқинда ушбу компания Бишкекда электрон чипталаш лойиҳасини ишга туширганди. Ушбу компания ишланмалари ҳақида ўтган йил октябрь ойида UzCard компанияси хабар берганди.
Шарҳлар