Йўлларда хавфсизликни таъминлаш учун ишчи гуруҳ ташкил қилинмоқда

Бугун Шавкат Мирзиёев журналист Никита Макаренконинг мурожаати билан танишди. Бу ҳақда журналистнинг ўзи давлат раҳбарининг матбуот котибига таянган ҳолда хабар беради.
 
Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмасига кўра, ИИВ раҳбарияти бошчилигида ва президент маъмуриятининг мувофиқлаштирувида ислоҳот устида ишлаш учун Идоралараро ишчи гуруҳ ташкил қилинди.
 
«Менинг таклифим бўйича гуруҳ ҳузурида консультациялар учун бешта маҳаллий ва хорижий мутахассислар ва жамоат арбобларидан иборат Кенгаш тузилади. Мен президентга мурожаатимга ва ушбу масалага эътибор қаратгани учун миннатдорчилик билдираман. Биз тезроқ шаҳарларимизни ўзгартиришимиз ва уларни хавфсизроқ қилишимиз жуда муҳим», – дея қайд этади журналист.

Гуруҳ таркибига ҳукумат, ички ишлар, транспорт ва молия вазирликлари, Автомобиль йўллари қўмитаси ва бошқа масъул идоралар ва ташкилотларнинг раҳбарлари ва малакали мутахассислари киритилган, дея аниқлик киритади ИИВ.

Мазкур гуруҳ ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ҳолатини комплекс ўрганиб чиқади, илғор чет эл тажрибаси ва илмий ёндашувлардан фойдаланиш асосида норматив-ҳуқуқий ва мензилли ташкилий-амалий чораларни ишлаб чиқади.

«Йўл инфратузилмаси билан боғлиқ жиддий муаммоларга, хусусан йўлларнинг ҳооати, пиёдалар ўтиш жойлари, йўл белгилари, бошқарилмайдиган чорраҳаларга алоҳида эътибор қаратилади, уларни тубдан яхшилаш бўйича комплекс чоралар кўрилади».

Фотосурат: upl.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.