ЮНИСЕФ: Болалар таҳсил олиш борасида яна бир йил танаффус қилолмайди

Бугун ЮНИСЕФ мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларини очиш борасида кўрсатган қатъиятлиги учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорчилик билдирди ва хавфсизлик қоидаларига мунтазам амал қилишга, рақамли узилишни қисқартиришга ва муқобил таълим методларини мустаҳкамлашга чақирди.
 
Дунё ва Ўзбекистон COVID-19 пандемиясининг иккинчи йилига қадам қўйгани, касалланиш ҳолатлари сони ўсишда давом этаётгани боис, ЮНИСЕФ мактаблар ва мактабгача таълим муассасалари хавфсизликка устувор эътибор қаратган, гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда очиқ бўлиб қолиши учун бор кучини сарфлаш кераклигини билдирди.
 
«Карантин даврида ҳукумат масофавий таълим дастурини оммалаштирди, у кўплаб ўқувчиларни қамраб олди, шу билан бирга, турли сабабларга кўра ўқувчиларнинг 10% қамраб олинмади. Бундан ташқари, масофавий таълим сифатини баҳолаш қийин», – дея қайд этади ЮНИСЕФ.
 
Глобал кўламда мактаблар ёпилишининг оқибатлари жуда ёмон бўлди, пандемия авж олган даврда бутун дунёда ўқувчиларнинг 90% жабрланди ва уларнинг учдан бир қисми масофавий таълимдан фойдалана олмади.

«Таълимдаги йўқотишларни тезда тўлдириш жуда муҳим, шу боис биз Ўзбекистон ҳукуматининг болаларни синфларга қайтариш ҳақидаги дадил қарорини қутлаймиз», – дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.