ЮНИСЕФ Ўзбекистонга патронаж ёрдамини яхшилашга ёрдам бермоқда
Бугун ЮНИСЕФ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига универсал-прогрессив патронаж модели (уйга бориб кўриш) бўйича 50 000 нусхадан ортиқ қўлланма ва чўнтак маълумотномасини топширди. Бу ҳақда ЮНИСЕФ Anhor.uz нашрига хабар беради.
Ушбу йўриқномалар ҳомиладорлар, туққан аёллар ва беш ёшгача бўлган болалар учун бирламчи тиббий-санитария ёрдам хизматлари даражасини яхшилашга йўналтирилган.
«Улар тиббий ходимларга хавф гуруҳига кирувчи оилаларни аниқлаш ва кенгайтирилган индивидуал парваришни таъминлаш бўйича ишларда ёрдам беради», – дейди соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова.
Ушбу материаллар болаларни илк ёшидан ривожлантириш, озиқлантириш ва психосоциал кўмак бериш бўйича илмий асосланган халқаро тавсиялар ва стандартлар асосида ишлаб чиқилган. Улар патронаж ҳамшираларнинг касбий кўникмалари ва билимларини оширишга қўлланма бўлиб хизмат қилади.
«Интеграциялаштирилган оилавий хизматлар пакети трансформацион модель бўлиб, у оилаларга уйда хизматлар кўрсатиш учун улкан салоҳиятга эга. Соғлиқни сақлаш тизими – шаҳарларда ҳам, қишлоқ ҳудудларида ҳам оилалар, ҳомиладор аёллар ва ва кичкина болалар билан энг катта алоқага эга бўлган табиий бошланғич нуқтадир», – дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. «Уйга бориб кўриш дастурлари индивидуал парваришни таъминлашда, бевосита эҳтиёжманд оилалар ва ҳамжамиятларга ёрдам беришда, ота-оналар ва ҳомийларга кўмак кўрсатишда, ўз фарзандлари учун энг яхши шароитларни яратиш учун уларнинг имкониятларини кенгайтиришда муҳим ҳисобланади», – таъкидлайди у.
Универсал-прогрессив патронаж моделининг жорий этилиши парвариш билан шуғулланувчи ва ижтимоий-иқтисодий қийинчиликларни, психосоциал стресс ва бошқа ноқулай ҳолатларни бошидан кечираётган шахсларга ёрдам беради. Бу уларнинг ўзлари ҳақида ҳам ҳамда болалар ҳақида ҳам ғамхўрлик қилишлари учун зарур бўлган қўшимча кўмакни таъминлайди.
Қўлланма ва чўнтак маълумотномасининг ишлаб чиқилиши ва чоп этилиши – универсал-прогрессив патронаж хизмати моделини амалга оширишда биринчи қадамдир. ЮНИСЕФ Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу йўналишдаги фаолиятни давом эттиришни режалаштирмоқда. Айни дамда барча ҳамшираларни янги методикага ўргатадиган тренерлар жамоаси тайёрланмоқда. Янги модель тиббий ҳамшираларнинг дипломолди дастури ва малакасини ошириш тизимига ҳам жорий этилади. Натижада, тиббий ёрдам сифатининг яхшиланиши, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва парвариш қилишнинг таъминланиши кутилмоқда.
Шарҳлар