Жаҳон банки Ўзбекистон жанубидаги шаҳарлар инфратузилмасини яхшилашга 100 млн доллар ажратди

Ўзбекистонинг иккита жанубий вилоятидаги шаҳарлар “Ўртача шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ўз муниципал хизматларининг фаолиятини ва шаҳар инфратузилмасини яхшилаб олиши мумкин. Лойиҳанинг ушбу компонентини амалга оширишга 100 млн доллар миқдорида қўшимча маблағ бериш қарори Жаҳон банки Директорлар кенгаши томонидан маъқулланди. Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро ривожланиш ассоциацияси уни Ўзбекистон ҳукуматига паст фоиз ставкаси бўйича имтиёзли кредит шаклида ва 30 йиллик узиш муддати билан тақдим этади. Бу ҳақда Anhor.uz нашрига банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати маълум қилди.
 
Қўшимча молиялаштириш 2019 йилдан буён Жаҳон банки кўмагида Бухоро (Когон), Наманган (Чортоқ), Тошкент (Янгийўл ва Пскент) вилоятларининг шаҳарларида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида географик чегараларни кенгайтириш имконини беради.
 
Лойиҳанинг янги компоненти доирасидаги тадбирлар Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги алоҳида ўртача шаҳарларни қамраб олади. Мамлакатнинг ушбу қисмидаги лойиҳага киритиладиган шаҳарларнинг якуний рўйхатини вилоят ва шаҳар ҳокимликлари билан маслаҳатлашувлар якунланганидан сўнг кейинги 6 ой давомида тасдиқлаш режалаштирилмоқда. Бунда шаҳарларнинг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжлари ва имкониятлари эътиборга олинади.
 
Лойиҳада иккала вилоятдан қатнашадиган ўртача шаҳарлар махсус ривожланиш инвестицион дастурларини амалга оширишга маблағ олади. Улар шаҳар инфратузилмасини ва тегишли муниципал хизматларнинг фаолиятини яхшилаш бўйича тадбирларни амалга ошириш ишларини ўз ичига олади.
 
Масалан, ушбу дастурлар доирасида қуйидаги ишлар молиялаштирилиши мумкин: сув таъминоти ва канализация тизимларини яхшилаш ва кенгайтириш; электр энергияси ва кўча чироқлари инфратузилмасини, автомобиль йўллари, пиёдалар зонаси ва жамоат транспортидан фойдаланиш зоналарини модернизациялаш; жамоат биноларининг энергия самарадорлигини ошириш; жамоатчилик фойдаланадиган жойлар, парклар, кўчалар ва уларнинг тегишли инфратузилмасини реконструкция қилиш; тегишли аҳоли пунктларида жойлашган ҳудудлардаги маданий мерос объектларини сақлаш бўйича реставрация ишларини ўтказиш.
 
Инвестицияларга қўшимча равишда, лойиҳа ҳудудий ва муниципал ҳокимликларга шаҳар инфратузилмаси ва хўжалигига хизмат кўрсатувчи зарур машиналар ва ускуналарни харид қилиш имкониятини тақдим этади.  Уларнинг ходимларига шаҳар хўжалигини бошқариш соҳасида малакасини оширишга, жумладан, ушбу жараёнга замонавий экологик стандартларни жорий этишга, қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизация қилишга, хавфсиз йўл ҳаракати ва аҳоли пунктларида самарали транспорт мобиллиги учун шароитларни режалаштиришга ҳамда ушбу аҳоли пунктларининг барқарор ва экологик тоза ривожланишига кўмаклашувчи бошқа соҳаларда ёрдам беради.
 
Бундан ташқари, лойиҳа мамлакат ҳукумати шаҳарларни барқарор ривожлантириш учун зарур бўлган ислоҳотларни амалга оширишда давом эттиришга ҳам кўмаклашади.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.