Жиноий гуруҳ 1 трлн сўмга яқин маблағни ўзлаштиргани аниқланди: у сохта директорлар орқали ҳаракат қилган

Жиноий гуруҳ 1 трлн сўмга яқин маблағни ўзлаштиргани аниқланди: у сохта директорлар орқали ҳаракат қилган

Ўзбекистон Бош прокуратураси ва ДХХ ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-тергов тадбирлари натижасида ўз имконияти ва ваколатини суиистеъмол қилган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон24» телеканалида намойиш этилган репортажда маълум қилинди, деб ёзади “Дарё” нашри.

Маълумотларга кўра, жиноий гуруҳ аъзолари сохта тадбиркорлик субъектлари орқали 300 миллиард сўм маблағ нақдлаштирган ҳамда конвертация қилиб, чет элга чиқариб юборган. Бу ишда тижорат банклари ходимлари ҳам иштирок этган.
 
«Мен тўртта фирмада норасмий раҳбар бўлганман. Шу фирмаларнинг иш фаолияти мижозлардан пул олиб, нақдлаштириб беришдан иборат. Бу солиқ тўламаслик учун қилинган бизнес. Бизнесимиз эса банксиз ўтмайди. Кунига 4-5 миллиард, ҳатто 36 миллиард сўмгача ўтказадиган кунларимиз бўлган. Бизда умуман нақд пул йўқ. ‘Контрагент’ деб аталувчи фирмалар пул жўнатади, биз пулни олиб бошқа жойга жўнатиб юборамиз. Ўртада улар пулларни ўзлари тақсимлайди. Бизнинг вазифамиз — тушган пулларни бошқа жойга жўнатиш. Ҳар куни ҳисоб рақамимиз нол бўлиши керак. 1 миллиард бўладими ёки 30 миллиард бўладими, жой берадиганлар ҳам, пул берадиганлар ҳам бизнинг раҳбарларимиз, чет элда юрадиган одамлар», — дейди айбланувчилардан бири.
 
300 миллиардга яқин сўм маблағлари сохта фирма раҳбарларининг номига очилган пластик картага гўёки молиявий ёрдам кўринишида туширилиб, кейинчалик ушбу пулларни шерик банкларда нақдлаштиришган.

Битта операцияда 500-600 минг доллар нақдлаштирилган. Бир неча кун ичида 30 миллион доллар конвертация қилиниб, чет давлатларга ўтказиб юборилган.
Мазкур жиноий гуруҳ 2019 йилнинг апрелидан декабрига қадар 1 триллион сўмга яқин маблағларни нақдлаштириб, 200 миллиард сўм атрофида солиқ ва бошқа тўловлардан бўйин товлаган. 10 миллиард сўмга яқин давлат бюджети маблағини тўғридан-тўғри талон-торож қилган. Банк тизимидаги раҳнамолар, пул ўтказмаларига тақиқ қўйиш, шубҳали банк операциялари тўғрисида тегишли органларга ўз вақтида хабар бериш ўрнига улар билан келишиб ишлаган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари тамомланиб, жиноят иши тегишли хулоса билан мазмунан кўриб чиқиш учун судга юборилган.
 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.