Жиззах вилояти ҳокимининг собиқ ўринбосарига нисбатан 905 млн сўмни талон-тарож қилиш ҳолати бўйича жиноий иш қўзғатилди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Ҳисоб палатаси томонидан Жиззах вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК буюртмачилигидаги қурилиш объектларида давлат харидлари, давлат мулкини бошқариш ҳамда ундан фойдаланишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши ўрганилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганиш натижаларини маълум қилди, деб ёзади “UzNews” нашри.
Ўрганиш давомида ишчи гуруҳ томонидан Жиззах вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси маъмурий биносининг қурилиши юзасидан ўтказилган танлов ҳужжатлари ўрганилганида, харид комиссияси аъзолари зиммасига юклатилган вазифаларни талаб даражасида бажарилмаганлиги, танлов иштирокчилари ва комиссия аъзолари ўртасида аффилланганлик хусусиятига эга алоқалар мавжудлигини била туриб, бунга қонуний муносабат билдирмагани ва ҳужжатларни сохталаштиргани аниқланди.
Маълум бўлишича, танлов комиссияси аъзолари қурилиш объекти бўйича танловда иштирок этган барча талабгорларнинг (“Qurilish ta’minoti” кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси, “Kamol” кўп тармоқли қурилиш корхонаси ва “Abduvohid Qurilish Ta’mir” МЧЖлар) 100% улуши танлов комиссияси раиси, вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари А.Р.нинг яқин қариндошларига тегишли бўлганини била туриб, бунга бирон-бир қонуний муносабат билдирмаган ва баённомага бу ҳақдаги маълумот киритилмаган.
Бунинг натижасида, танловда ноқонуний ғолиб бўлган “Qurilish ta’minoti” кўп тармоқли ишлаб чиқариш корхонаси томонидан маъмурий бинонинг қурилишида бажарилмаган 905 млн сўм қурилиш ишларини тўловга асос бўлган ҳужжатларида қўшиб ёзиб киритиб, шу миқдордаги давлат бюджети маблағлари талон-торож қилинганлиги маълум бўлган.
Агентлик ўрганиш якунлари бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо берилиши учун Жиззах вилоят прокуратурасига юборилди.
Мазкур ҳужжатлар бўйича прокуратура томонидан ўтказилган терговга қадар текшириш якунлари бўйича Жиззах вилоятида қурилишда танлов савдолари ва нархларни шакллантириш комиссияси раиси А.Р.га, шунингдек, комиссия ва бошқа ташкилотлар, хусусий корхоналар мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 205-моддаси 2-қисми “а” банди, 209-моддаси ва 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Шарҳлар