Жиззах вилоятида президентни ҳақорат қилганлик учун жиноий иш қўзғатилди
Жиззах вилояти Бахмал туманида Ўзбекистон президентини интернетда ҳақоратлаган шахсга нисбатан жиноий иш очилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар беради, деб ёзади “Газета” нашри.
Унга кўра, 1969 йилда Бахмал туманида туғилган фуқаро V.K интернетнинг YouTube ва Facebook тармоқларида профиллар очиб, ушбу профиллари орқали турли мавзуларда интернет тармоқлари орқали тўғридан-тўғри чиқишлар қилган.
«Ўз чиқишларида Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка нотўғри талқин қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентини интернет тармоқлари орқали ҳақоратлаб, давлат раҳбарини обрўсига путр етказиш ва камситувчи маълумотларни тарқатиб, туҳмат қилиб келаётганлиги ҳолати аниқланган», — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан ДХХ Жиззах вилоят бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми (Ўзбекистон президентини интернет бутунжаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар