Жиззахда газ баллони портлаши натижасида икки киши жабрланди
Жиззахда махсус юк машинаси (чиқинди ташиш машинаси) ҳаракатланаётган пайтда унинг газ баллони портлаб кетди. Бу пайтда йўл чеккасида турган иккита пиёда оғир жароҳатлар олган, деб ёзади “Газета” Жиззах вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг матбуот хизматига таянган ҳолда.
Фотосурат: Жиззах вилоят ИИБ ЙҲХБ
Воқеа 13 апрель куни соат тахминан 7:40 да содир бўлган. “Тоза ҳудуд” корхонасига қарашли махсус транспорт ҳайдовчиси ўша куни соат 7:15 да автомобилга ёнилғи қуйган. Daryo нашрининг аниқлик киритишича, сиғими 20 кубометр бўлган газ баллони суюлтирилган газ ҳаддан ташқари кўп қуйилгани учун портлаган.
Натижада учта автомобиль ҳамда иккита йўловчи – эркак (1982 йилда туғилган) ва унинг ўғли (2014 йилда туғилган) жабрланган. Иккаласи ҳам турли оёқ жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиалининг реанимация бўлимига етказилган. Касалхона директорининг сўзларига кўра, етти ёшли боланинг оёқлари ампутация қилинган.
Жиззах ИИБ фаолиятни мувофиқликлаштириш бошқармасининг тергов бўлими ушбу воқеа бўйича терговдан олдинги текширув ишлари ўтказмоқда.
Шарҳлар