Зўрлаганлик учун қамалган хонанда озодликка чиқди

Вояга етмаган қизни зўрлаганлик учун 5 йилга қамалган хонанда Жасур Умиров тўрт ойдан сўнг озодликка чиқди. Бу ҳақда Sputnik нашри ёзади.
 
Тошкент шаҳар ИИББ тарқатган хабарга кўра, 9 июнь куни артист колонияни тарк этган. Бир кун олдин Олий суд унинг жазосини озодликни чеклаш жазосига ўзгартирган.
 
«У энди жазони колонияда ўтамайди. Аммо куннинг маълум вақтида унинг кўчага чиқиши тақиқланган», — дейди матбуот котиби.

«Жорий йилнинг 8 июнь кунидаги Ўзбекистон Республикаси Олий судининг кассация инстанциясининг ажримига асосан Умиров Жасур Убайдуллаевич Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда, шунингдек жабрланувчи ва унинг қонуний вакилининг унга нисбатан даъвоси йўқлигини инобатга олган ҳолда унга нисбатан чиқарилган озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилган», — дейилади хабарда.

Шу йил февраль ойида Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг 2021 йил 2 февралдаги ҳукмига кўра, Ж. У. Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.
 
Унинг шериклари эса “Ёлғон гувоҳлик бериш” ва “Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш” моддалари бўйича бир ярим йилга қамалганди. Уларнинг кейинги тақдири ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
 
8 май куни Qalampir нашри жабрланувчи Шаҳзода Мўминова билан интервьюни чоп этди. Унда қиз ўзининг дастлабки айбловларини рад этиб, ҳаммаси унинг розилиги билан содир бўлганини айтган ва “хонандаги туҳмат қилганини” тан олган, деб ёзади Gazeta нашри.

Қиз Жасурни Умировни айблаган биринчи интервью пайтида “босим остида” бўлганини айтади. 

 «Олдин оиламга, дадамга бу менинг ўз хоҳишим билан бўлганини айтишга қўрқлим. Шунинг учун у мени зўрлаган деб айтгандим», — дейди қиз.

Шахзода Мўминова айни пайтда босим остида эмаслигини қайд этади.

Қизнинг отасининг сўзларига кўра, ёшларнинг қариндошлари уларни унаштириш ҳақида келишиб олган.

Бош саҳифадаги фотосурат: RizaNovaUZ / YouTube
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.