Қизни ҳеч ким ўғирламаган
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида йўқолган 15 ёшли қиз ҳақидаги маълумот кимнингдир ёмон ҳазили бўлиб чиқди.
Anhor.uz таҳририяти бундан олдин ҳам “оқ рангли Матиз” ҳақида хабар берганди. Шу боис таҳририят ўша “йўқолган” қизнинг ота-онаси билан боғланди. Anhor.uz мухбири билан суҳбатда қизнинг онаси Татьяна Пискунова қизи йўқолмаганини, милицияга ҳеч қандай ариза беришмаганини, ижтимоий тармоқлардаги хабарлар эса қизи билан таниш кимсаларнинг аҳмоқона ҳазили эканини билдирди.
Она қизи ҳақиқатан ҳам оқ рангли Матизни тўхтатганини, бироқ ҳеч қандай ўғирлик содир бўлмаганини айтади. Қиз кечқурун Шастри кўчасида истиқомат қилувчи дугонасиникидан чиқиб, жамоат транспорти келавермагач, такси ушлашга қарор қилади. Шастри кўчасидан унинг уйигача бир километрдан сал кўпроқ бўлса-да, қиз пиёда кетишга қўрқади ва биринчи тўхтаган автомобилга ўтиради.
Машина ҳайдовчиси, 18-20 ёшлардаги йигит ярим йўлда автомобилининг бензини тугагани боис уни бошқа таксига ўтқазиб юборади ва қиз эсон-омон уйига етиб олади.
Қизнинг сўзларига кўра, Матиз ҳайдовчиси унга нисбатан ҳеч қандай ноқонуний ҳаракатлар қилмаган. Шунчаки уни уйигача олиб бормаган, бироқ бошқа такси ушлашига ёрдам берган. Йўлда қиз ота-онаси билан алоқада бўлган.
Ушбу воқеа икки кун олдин юз берган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетишга улгурди.
Буни “уюштирган” кимсалар, бундай шов-шувли мавзулар билан ҳазиллашиш мумкин эмаслигини эсларида сақлагани маъқул.
Шарҳлар