«Ҳаётимдаги энг ёмон Uzbekistan Airways авиакомпанияси ҳақида»
Ўзбекистон аэропортларини Россиянинг “Новапорт” компанияси бошқарувига бериш режалаштирилмоқда, аммо ҳозирча ҳаммаси мана бундай:
«Ҳозир, уйда ўтириб, Самарқанд ва Тошкент аэропортларида мен билан (нафақт мен билан) нималар бўлганини ҳамон “ҳазм қилолмаяпман”. Лекин, келинг, ҳаммасини тартиб билан баён қилай.
Ўзбекистон бўйлаб саёҳатим Самарқандда якунланди, бу ердан 28 сентябрь куни эрталаб соат 04.35 да 044-рейс билан Тошкентга учишим керак эди.
Ҳар галгидай, олдиндан тунги соат 2 да такси чақиртирдим ва Самарқанд аэропортига рўйхатга олиш пайтига ўз вақтида етиб келдим. Рўйхатга олиш жойидаги ходим довдираган ҳолда турарди, у мендан смена бошлиғини кутиб туришимни илтимос қилди. Бироздан сўнг олдимга Самарқанд аэропортининг бошлиғи В.Гаффаров келди, у менга учишим керак бўлган самолёт Истанбулдан учмаганини ва қачон Самарқанд аэропортига учиб келиши номаълумлигини айтди. Суҳбатимиз менинг вазият бўйича саволларим билан тахминан қуйидагича бўлди:
– Мен: Форс-мажор вазият юзага келганини тушунаман. Самолётни кутиш қанчага чўзилишини аниқ айтолмайсизми? Тошкентдан Астанага соат 15.30 да учадиган рейсимга улгураманми?
– В.Гаффаров: самолёт бугун соат 19.00 гача етиб келолмаслиги мумкин. Истанбулдан маълумот йўқ.
– Мен: Яхши, Сиз смена бошлиғи сифатида юзага келган вазиятда қандай чора кўрмоқчисиз?
– В.Гаффаров: Сиз таксилар “пятак”ига бориб, Тошкентгача такси олишингиз мумкин. 4 соат ичида Тошкент аэропортига етиб оласиз, рейингизга ҳам улгурасиз.
– Мен: Буларнинг ҳаммаси ўзимнинг ҳисобимданми? Қанақа “пятак” ҳақида сўз бораётганини тушунмаяпман – тунда қўлимда юк билан қаерга боришим керак?
– В.Гаффаров: Ҳа, ўз ҳисобингиздан. Компенсация олиш учун аризани ўз шаҳрингизда авиачипта харид қилган жойингизда берасиз.
– Мен: Кечирасиз, лекин мен саёҳатдан кейин қолган пулим авиакомпания яратган муаммони ҳал қилишга етиш-етмаслигини билмайман, шаҳарни ҳам билмайман, ўша сиз айтган таксилар турадиган “пятак”ни, нархларни билмайман, бунинг устига таваккал қилиб Самарқанддан Тошкентга машинада юрмаслик учун авиачипта сотиб олганман. Кейин бу вазиятга бир ўзим тушиб қолганим йўқ. Шундай вазият юзага келган экан, автобус ёллаб, ҳаммани ташкиллаштирилган ҳолда Тошкентга жўнатиш Сизга осонроқ эмасми? Кейин, нега шу пайтгача менга самолётни Самарқандда кутишим учун меҳмонхона таклиф қилишмаяпти?
– В.Гаффаров: Меҳмонхонага келсак, уни ҳал қиламиз, аммо самолёт Истанбулдан қачон учиб келиши номаълум. Бу жуда узоқ вақтга чўзилиши мумкин. Шунинг учун Тошкентга таксида кетганингиз маъқул, шунда ўз рейингизга улгурасиз.
Суҳбат жараёнини жуда қисқа келтиряпман. У смена бошлиғининг мунтазам равишда қаергадир йўқолишлари, келаётган рейс йўловчилари, шу жумладан чет эллик йўловчилар орасидаги тартибсизлик билан бирга кечаётганди. Бир қиз Тошкентдан эрталаб соат 10 да Дубайга учадиган самолётга, италиялик транзитчи-туристлар эса Милан рейсига улгуришлари керак эди ва ҳ.к.
Бу тартибсизлик ичида мен ўзбекистонлик тиббиёт профессори ва унинг ҳамкасбига қўшилдим, улардан мени ташлаб кетмасликларини ва Тошкентга бирга таксида кетишни сўрадим. Биз смена бошлиғи олдига таксига пул ажратиш масаласини узоқ қўйдик. Ниҳоят, у кассага бориб, 60 000 сўмдан (бу бир неча доллар ёки 2 460 тенге) пул олишимизни айтди, биз бу пулни учаламиз қўшиб таксига беришимиз мумкин эди. Вазият иложсиз эди, биз кассага қараб кетдик. У ерда бизни кассир кутиб турарди, у ҳам яққол бундай вазиятга тайёр эмасди. В.Гаффаров унга ўз жавобгарлиги остида бизга пул беришни айтди. Бу орада аэропортда йўловчилар орасида тартибсизлик ҳукм сурарди, ташкиллаштирилган маълумот бериш хизмати ҳам йўқ эди. Биз ўз тангаларимизни олиб, қандайдир бир машинага ўтирдик ва ўша таксичилар “пятагига” йўл олдик.
Таксилар “пятаги”да бизни мижоз учун ҳар нарсага тайёр ҳайдовчилар шовқин-сурон билан ўраб олишди. Тошкентга етказиш нархи бўйича савдо бошланиб кетди. Нархлар осмонга кўтарилди, аммо профессорнинг ҳамкасби туфайли нархни келишиб олдик ва Тошкентга йўл олдик. Тун ана шундай асабийлик билан ўтди. Тошкентга соат 8 га етиб келдик. Мен юкларимни Тошкент аэропортида сақлаш камерасида қолдириб, пул айирбошлашни ва тайинланган иккита учрашувга боришни режалаштиргандим. Аммо чучварани хом санаган эканман.
Тошкент халқаро аэропортида САҚЛАШ КАМЕРАСИ ЙЎҚ!!! Ҳа, йўқ! Мен қўлимда юк билан турли ходимларнинг олдига бориб юкимни нима қилишни сўрардим. Менга секингина 214-кабинетга боришимни ва смена бошлиғидан юкларимни унинг кабинетида вақтинчалик қолдиришга рухсат беришини илтимос қилиб кўришим мумкинлигини айтишди. 214-кабинетга кирганимда, кўп сонли жомадонлар ва сумкаларни кўрдим. Менга, агар смена бошлиғига ишонсам, юкларимни қолдиришимга рухсат беришди. Мен юкларим учун бирор-бир ҳужжат белгиланиши-йўқлиги ва унинг учун ким жавобгар бўлишини сўрадим. Менга “чин сўз” эвазига қолдиришим мумкинлигини айтишди. Смена бошлиғига ишонишдан бошқа иложим қолмаганди. Юкларим қандай бўлса, шундайлигича қолди.
Кейин долларларни таксида юриш учун сўмга алмаштириш мақсадида аэропортдаги ягона валюта айирбошлаш пунктига югуриб кетдим. Хўш, нима деб ўйлайсиз? У ёпиқ эди, албатта!
Бутун бир халқаро аэропорт учун @National Bank of Uzbekistan дан биргина валюта айирбошлаш пункти!!! Ёпиқ дарча олдида одамлар тўдаси турарди. Уларнинг орасида юки кўп бўлгани учун тўлаши керак бўлганлар ҳам бор эди. Улар долларда ҳисоб-китоб қилишни таклиф қилишарди, лекин уларни ҳам долларни сўмга айирбошлашга юборишди. Айирбошлаш пункти соат 9 да очиқ бўлиши керак эди. Лекин у ёпиқ эди!
Одамларнинг эса самолёти учиб кетяпти! Фақат соат 9.20 ларда бир қиз лапанглаб юриб келди, кечиккани учун ҳатто узр ҳам сўрамади, хизматни қўполлик билан кўрсатди, ўзини таништиришни хоҳламади. Шу ерда Ўзбекистон Миллий банки раҳбариятига жиддий саволлар туғилади – банк ходимларининг Халқаро аэропортда хизмат кўрсатиш бўйича меҳнат интизоми, хушмуомалалиги ва одоби бўйича назорат борми ўзи???
Кейин таксига ўтириб, Тошкентдаги танишимникига йўл олдим. Чойи, қаҳваси ва ёқимли суҳбати учун бу меҳмондўст уйга миннатдорчилик билдираман. Иккинчи учрашувимни бекор қилишимга тўғри келди. 2 соат давомида ўзимга келдим ва яна аэропортга йўл олдим.
Рўйхатдан ўтдим, аммо назорат жойида яна муаммолар юзага келди. Микроскопик пичоқчаларга эга болалар ўлчамидаги тўпламимни олиб қўйишди. Ҳатто жуда қаттиққўл ҳисобланган Хитойдаги кўрикда ҳам уни ўтказиб юборишганди, бундан ташқари терактлар содир этилган Туркия, Вьетнам, Шри Ланкада ва бошқа мамлакатларда ҳам бу тўпламни олиб юришимга рухсат беришганди. Лекин бу Ўзбекистон-ку.
Мен севимли тўпламимни солиб қўйишим мумкин бўлган багажимни қайтришларини принципиал тарзда талаб қилдим. Яна аэропорт бўйлаб дўзах чархпалаги бошланди, ниҳоят багажимни олдим, унга тўпламни солиб, дьюти фрига кирдим ва коньяк сотиб олдим.
Хулоса дейсизми? Ўзини туристик мамлакат деб эълон қилган Ўзбекистон чет эл сайёҳларини нормал қабул қилишга тайёр эмас! Сиз ҳозир, мен, яъни рус тилини биладиган ва МДҲ мамлакатларининг айрим постсовет хусусиятларини тушунадиган киши дуч келган муаммоларнинг бир қисмини ўқидингиз, холос. Йўқолган авиарейс масаласини ҳал қилиш учун Самарқанд аэропортида қолган транзитчи чет эл фуқароларининг тақдири ҳақида даҳшат билан ўйлаяпман. Мен кичикроқ самолёт билан боғлиқ вазиятни, форс-мажор ҳолатларига тайёр эмаслик, саросимага тушиш, профессионалликни намойиш этмаслик, оддийгина юк сақлайдиган камераларнинг йўқлиги ва бошқа ақлга сиғмайдиган, аммо ўзим кўрган ҳолатларни таърифладим. Бундан-да мураккаброқ вазиятни тасаввур қилиш қийин.
Бу постни дўстларим учун огоҳлантириш сифатида ёзяпман – ҳеч қандай ҳолатда @Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг хизматларидан фойдаланманг. Бу асаблар, соғлиқ ва ҳамён учун хавфли!»
Шарҳлар