Равшан Эрматов: «Менга ўзбекистонлик реферилар жаҳон чемпионатига қўйилмайди, дейишганди»
25 июль куни “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган Равшан Эрматов ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:
«Тўғрисини айтганда, Жаҳон Чемпионатининг энг муҳим ўйинларида 100 000 томошабин нигоҳи остида ишлаганимда ҳам ҳаяжонланмагандим, аммо бу ерда, Ватанимда, мукофотни олаётганимда қаттиқ ҳаяжон босди. Менга билдирган ишончи учун Президентимизга ва мамлакатимизга миннатдорчилик билдиришни истардим.
Ушбу орден мен учун жуда муҳим. 2010 йилги жаҳон Чемпионатидан олдин Цюрихда ўтказилган реферилар йиғилишига биринчи бор ташриф буюрганимда айрим хорижлий мутахассислар “Кўп уринманг, барибир ўзбекистонлик рефериларни муҳим ўйинларга ҳакамлик қилишга қўйишмайди. Футболи ривожланган мамлакатларнинг реферилари турганида, сизга йўл бўлсин”, дейишганди.
Биз бу мутахассисларга Ўзбекистонда ҳам Жаҳон чемпионатида ишлашга муносиб реферилар борлигини исботлашни хоҳлардик, бунинг учун қунт билан ишладик ва ўз мақсадимизга етдик. Бундан кейин ҳам ўзимизнинг устимизда яхши ишлашга ва янги мақсадларга эришишга ваъда берамиз».
Эслатиб ўтамиз, ордендан ташқари Эрматовга Президент Ислом Каримовдан “Malibu” автомобили совға қилинди.
Фотосурат: © The-Uff.com
Шарҳлар