Anhor.uz таҳририяти карантинни қандай ўтказмоқда

Anhor.uz таҳририяти карантинни қандай ўтказмоқда

Таҳририятимиз карантинни қандай ўтказаётгани ҳақида сиз билан ўртоқлашишга қарор қилдик. Биримиз кўп пиёда юришимизга тўғри келса, кимдир Робби Уильямснинг «Коронаоке» қўшиғини тинглаяпти, кимдир эса зарурат туғилса, совға қилинган декоратив совунни сотишга тайёр.

Лола Исламова, бош муҳаррир

Касрлар, саксофон ва журналистика. Бугун камерани ўчирган ҳолда ошхонамда йиғилиш ўтказдим. Ҳар куни шу аҳвол. Учрашувлар, планёрка, йиғилишлар – ҳаммаси интернет орқали. Вақт умуман йўқ. Карантин даврида иш икки баравар ошди. Ҳафтанинг илк кунларида кўп пиёда юришимга тўғри келди – 10-12 км. Рухсатнома олишга ҳатто уриниб ҳам кўрмадим – бунга эҳтиёжи кўпроқ бўлган кишилар бор.

Карантиндаги ҳаётим шахсий, иш ва оилавий чегараларни бузиб юборди. Кичик ўғлим мактаб ўқувчиси, шу сабабли ярим куним мактаб дарслари ва мусиқа билан банд. Кучугимиз саксофон товушини унча ёқтирмайди, шу боис қўшниларим саксофон товушини кучукнинг увуллаши билан бирга тинглашга мажбур. Мен қайтадан мактаб дастурини ўзлаштиряпман. Ютуб ёрдам беряпти, акс ҳолда қийналган бўлардим. Ҳаётни йўлга қўйишга уриняпмиз. Мана, тренер Сергей Монарх билан машқларни бошладик. Энди эса, узр, навбатдаги видео учрашувим кутяпти.

Дана Опарина, муҳаррир

Мен таҳририятда видеолавҳалар учун масъулман, шу боис бир қўлимда штатив, иккинчисида камера, учинчисида … у ёғини ўзингиз тушунган бўлсангиз керак. Ҳозирча велосипедни ўзлаштирганим йўқ, шу боис видеога олиш йўлларини излашда давом этишим керак.

Биз офисда тез-тез фақат планёркаларга йиғилардик, шунинг учун бу жиҳатдан карантин ҳеч нимани ўзгартиргани йўқ. Ҳозир эса таҳририят ишини Zoom да қуряпмиз.
“Ҳозирча ҳамма уйда” ҳолати кишини интизомли қиларкан, кўчага чиқиш истаги ҳам зўр келмаяпти. Икки кунлан бери чиқиндини олиб чиққаним йўқ.
Лекин уйда спорт билан шуғулланишга ҳаракат қиляпман, ўзим учун олдин мавжудлигини билмаган мушакларни кашф қилдим. Мана бу “пресс” машқларини қилиб кўринг. Кечқурунлари “Ёввойи ғарб олами” сериалининг янги мавсумини томоша қиламан. Учинчи мавсум унчалик ёқмади. Аммо оз-бўлса-да, кундалик янгиликлардан чалғишга ёрдам беряпти.

Менда дўстларим совға қилган декоратив совунлар саватчаси бор. Зарурат бўлиб қолса, сотаман.

Виктория Абдурахимова, журналист

Шаҳарнинг ёпилиши ва карантин режимининг жорий этилиши мен учун оғриқсиз кечди – 2019 йилда изоляциянинг лайт-версияси турмуш тарзимга айланганди. Асосан уйда ўтириб ишлардим. Шаҳарга фақат таҳририят топшириғи бўйича чиқардим, қизиқарли тадбирларда қатнашардим, дўстларим билан учрашардим. Аэропортга бориш ва ундан кейин юз берадиган воқеалар энг қувончлиларига айланганди.

Шу йилнинг 15 мартидан яна изоляцияга “кетдим”. Ишдан бўш вақтимда йил бошидан буён “Закладка”ларга олиб қўйганларимни кўриб чиқаман ва ўқийман. Довлатовнинг “Ҳунар” асарига қайтдим. Кечқурунлари Инстаграмда ўтираман: Робби Уильямснинг “Коронаоке”сини тинглайман, у қандай қилиб тўғридан-тўғри эфирда обуначиларнинг буюртмалари бўйича қўшиқ куйлашини томоша қиламан, испан тилини ўрганишга бағишланган аккаунтда испан тилини эслашга ҳаракат қиламан.  Москва Катта театрининг спектаклларини Ютубда томоша қиламан – “Оққуш кўли” ва “Уйқудаги гўзал” балетларини томоша қилдим.

Жисмоний юкламаларни соғиндим – уйдаги машғулотлар мени қониқтирмаяпти, залдаги каби рағбатлантирмаяпти. Уйқуга тўйиб оляпман, уй овқатини ейман, деразадан кираётган ҳаводан тўйиб нафас оламан ва гуллаётган гилосдан завқланяпман.

Элина Рустамова, журналист
 
Карантин даврида воқеалар учун қаҳрамонларни ва юз бераётган воқеалар борасида интервью ва шарҳлар беришга тайёр экспертларни топиш осон. Одамлар уйда ўтиришдан чарчади, уларга мулоқот етишмаяпти, тармоқдаги ваҳимали маълумотлар ҳам уларнинг руҳий ҳолатига таъсир қиляпти, шунинг учун улар ОАВ билан алоқага осонроқ киришяпти. Аммо амалдорлар, интервьюдан кўпроқ бош тортяпти (ҳаммаси эмас, албатта). Айримлари ишдан айрилишдан қўрқишини очиқчасига тан олмоқда, ахир вазият кескин-да.
 
Амалдорларнинг кўпчилиги расмий хат юборишимизни сўрашади, шу билан бирга тезкор сўровларга тез жавоб бермасликлари ҳақида ҳам очиқчасига огоҳлантириб қўйишяпти (бу билан улар ОАВ тўғрисидаги қоннуни бузишяпти, чунки унда сўров электрон шаклда ҳам бўлиши мумкинлиги белгиланган).
 
Ҳаётимдаги ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, янада эҳтиёткор ва яқинларимга нисбатан масъулроқ кишига айландим. Оиламда қанд касаллигига чалинган киши бор, шу боис ҳозир жуда эҳтиёт бўлишим ва уйга вирусни олиб келмаслик учун оддий эҳтиёт чораларига амал қилишим керак. Шунингдек, тақдир билан курашишдан маъни йўқлигини тушундим. Чет элда яшаётган турмуш ўртоғим билан олти ойлик айрилиқдан кейин кичкина оиламиз тез орада яна бирлашиши керак эди. Аммо энди авиаалоқалар узилган, кейинги сафар қачон кўришамиз, буни билмаймиз.

Бўлаётган воқеаларнинг ижобий томонлари ҳам бор. Коронавирус туфайли бажонидил чиқиндиларни олиб чиқаман, нонга бориб келаман ва кўпроқ юлдузли осмонни томоша қиламан (деразам орқали). Ниҳоят, хорижликлар билан ўзимнинг инглиз тилидаги билимларини синаб кўришни, инглиз тилида фильмлар томоша қилишни бошладим. Аммо энг асосийси – онам куни билан уйда. Охирги марта биз бирга вақтимизни 10 йил олдин ўтказгандик. Ўшанда онам ишини йўқотиб, икки ой уйда ўтиришга мажбур бўлганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.