Ковидос ўн тўққизинчи, қандайлигингни билиб олдим!

Ковидос ўн тўққизинчи

“Бир ҳафтага ҳаёт оқимидан тушиб қолдим… душанба куни кечга яқин тобим қочди”, – деб ёзади журналист Евгения Грандэ. “Бу жуда тез юз берди. Эртаси куни тонгда бу шамоллаш ҳам, грипп ҳам, ангина ҳам эмаслигини тушундим. Бу – ўша. Ковидос! “Қаерда?” деган саволга жавобни ўзим ҳам билмайман. Тахминан қачонлигини ҳисоблаб чиқдим, аммо қаерда ва кимдан эканини айтишим қийин, чунки уйдан чиқиш мен учун деярли байрамга айланарди. Охирги 20 кун ичида уйимиз ёнидаги дўконга бор-йўғи уч-тўрт марта чиққан бўлишим мумкин. Демак, ўша ерда қандайдир тарзда вирус билан учрашганмиз…”

Бу ўшалигини қандай тушундим?

Биринчидан, олдин ҳеч қачон бундай нарсаларни ҳис қилмаганман (бошқа ҳис қилмайман деб умид қиламан). Уни бошидан кечирганлар, гапларимни тасдиқлайди. Иккинчидан, менда ҳаммаси шу даражада кутилмаганда, кескин ва шиддат билан бошландики, ўйлашга вақт ҳам қолмади.Одатий душанба куни. Иш, уй ишлари, бола. Тушликдан сўнг бироз бошим оғриди. Цитрамон ичиб озроқ енгил тортдим. Кечга яқин баданимда зирқираган, аммо чидаса бўладиган оғриқни ҳис қилдим. Ухлаб дам олганимдан кейин ҳаммаси ўтиб кетади, деб ўйладим. Бироқ ундай бўлмади.

Энг қизиғи ярим тунга яқин бошланди. Бўғимларим ва мушакларимдаги зирқираш шу даражада кучайдики, оғриқдан увиллашни истардим. “Ибупрофен” ичдим. Бирпас ўтмай қалтироқ бошланди. 40 даражали жазирамада исиниш учун адёл излашимга тўғри келди. Қўл панжаларим ва товонларим худди қайноқ сувга солингандай ёнарди. Таблетка тахминан ярим соатдан кейин таъсир кўрсата бошлади. Шу ярим соат мен учун дўзахга айланди. Кейин эрталаб ҳаммаси яхши бўлади деган умид билан ухлаб қолдим.  

Аммо эрталаб ҳеч нима ўзгармади. Яна кучли зирқираш, даҳшатли беҳоллик ва… ҳарорат. Градусник 37,5 ни кўрсатарди. Аммо шамоллашни эслатадиган ҳеч қандай аломат йўқ эди. Томоғимдаги енгил қичишиш умумий аҳволим олдида сезилмаётганди ҳам. Оилам аъзоларига бу ковид эканини айтиб, алоҳида хонага изоляцияландим. Улар ишонишмади, аммо баҳслашиб ҳам ўтиришмади.

Совуқ тарвуз ва музқаймоқ – докторни чақирганмидингиз?

Мен виждонли фуқаро сифатида ўзим ҳақида поликлиникага хабар бердим. Шифокор тушлик пайтига яқин келди. Шодон ҳолда хонамга, яъни бациллалар марказига учиб кирди. Мен ундан: «Касалликни бошингиздан ўтказиб бўлдингизми?» деб сўрадим. У бўлса: «Йўқ, ахир костюмда иссиқ-ку!» деди. Майли…, дедим ўзимча. Мен одобли ва эътиборли бемор сифатида аломатлар ҳақида гапиришга эндигина ҳозирлангандим ҳамки, қувноқ доктор менга қўл силтаб: «Ҳой, яхши қиз, буни кОвид деб ўйлаяпсанми? Ахахахаха. Ҳарорат 37,5 – бу кОвидми? Йўўўўқ! Бу кОвид эмас! Бу пневмония!!! КОвидсиз пневмония» – деди.

Шунда мен у қандай қилиб ярим дақиқа ичида шунчаки кўздан кечирган ҳолда пневмонияни аниқлаганини сўрадим. Балки КТ қилишим керакдир? Доктор шундоқ ҳам кўриниб турганини, бунга ҳожат йўқлигини айтди. Ҳар эҳтимолга қарши томоғимни телефони билан ёритиб кўрди. Шундан сўнг 100% ишонч билан “кОвидсиз пневмония” ташҳисини қўйди (ҳа, урғуни айнан О га берган ҳолда). Мен тинчланмадим: «У менда қаердан пайдо бўлиши мумкин?» деб сўрадим.

Доктор: «Эҳ, яхши қиз, қаердан, қаердан! Менсиз совуқ тарвуз ёки музқаймоқ егандирсан. Мана сенга пневмония! Аммо кОвид йўқ!»

У саволларимдан чарчаб, хонадан чиқди. Менга томчилатиб қилинадиган укол, антибиотиклар ва вирусга қарши иммуностимуляторларни тайинлади. Бир сўз билан айтганда, ковидосда қўлланмайдиган препаратларни.

Шубҳа-гумонлар: балки ковид эмасдир?

Бир талай мақолалар ва касалликни бошидан кечирганларнинг ҳикояларини ўқиб чиққанимга ва ковид ҳақида кўплаб кўрсатувларни кўрганимга қарамасдан, қувноқ доктор аёл аҳволимга шубҳа билан қарашга мажбур этди. Бунинг устига бу биринчи куним эди, шу боис аломатларнинг ҳаммаси намоён бўлмаганди: зирқираган оғриқ, бемажоллик, бош айланиши ва унча баланд бўлмаган ҳарорат. Тестга умид қилишдан маъни йўқ, участка шифокори менга тўғрисини айтиб қўяқолди: тест топширишни хоҳласанг, туман СЭСига ўзинг борасан, уйга ҳеч ким келмайди.

Таҳлил натижаларининг тўғри чиқишига ҳам унчалик ишонмасдим. Унинг турли жиҳатлари ҳам кўп: мазокни момиқли таёқча билан эмас, балки махсус стерил тампон билан олиш керак, бунинг устига тест топшириладиган кун ҳам жуда муҳим. Тестни эрта ёки кеч топширсангиз салбий натижа чиқиши мумкин. Шу боис мен дарҳол бу фикрдан воз кечдим. Шунчаки ўзимни кузата бошладим ва батафсил кундалик юритдим.

Менда ҳаммаси шиддат билан ривожланди. Зирқираган оғриққа эндигина кўникишим билан у йўқолди. Ҳарорат фақат бир кун баланд бўлиб турди ва кўпи билан 37,5 гача кўтарилди. Томоғимдаги сезилмас қичишиш бир неча соат ичида қаттиқ йўталга айланди. Ниҳоят, 9-куни ҳид ва таъм билиш сезгим йўқолди – ана шунда барча шубҳа-гумонларим йўқолди. Бу – ковидос.

Ҳиссиётларим шу даражада ғалати эдики, буни дарров тушунмадим ҳам. Таъм билиш сезгим эрталаб йўқолганини тушундим, аммо нонушта қилаётган пайтимда тановул қилаётган нарсамнинг таъмини яхши биладигандай туюлганди. Тушлик пайтида гўшт ва сабзавотлар ўрнига пахтани, гуруч ўрнига эса пенопластни чайнаётгандай бўлдим. Аммо таъм билиш ҳиссим эртаси куни тикланди, бироқ бурним билан эркин нафас олишимга, ҳеч қандай тумов ва тиқилиб қолишлар йўқлигига қарамасдан ҳидларни ҳозирча ҳис қилмаяпман.

Нима билан даволансам экан?

Бутун даволаниш жараёним учта оддий препаратга асосланди: «Ибупрофен», «Курантил» ва «Аскорбинка». Менинг маслаҳатчиларим (уларнинг орасида ковидга чалинган танишим, шифокорликни орзу қилаётган блогер-журналист ҳам бор) менда касалликнинг нисбатан енгил шакли эканига ишонтиришди. Ҳар эҳтимолга қарши аптечкамда антибиотик ҳам бор, лекин мен уни қўллашимга тўғри келмаслигига умид қиляпман. Таблеткалардан ташқари, томоғимни Фурацилин билан чайяпман, йўталдан эса “Гербион”сиропини ичяпман. Мунтазам равишда ҳароратимни ва сатурацияни (буни махсус пульсоксиметрда қилган маъқул) ўлчайман. Кўп суюқлик ичаман, чойлар ва компотлардан ташқари, организмим сувсизланишига йўл қўймаслик учун “Регидрон” ҳам ича бошладим.

Хулоса

Энг асосийси – ҳамма нарсада меъёр бўлиши керак! Профилактика мақсадида ёки даволаниш учун қўлга тушган дорини ичавермаслик лозим. Бир йўналиш препаратларини қанча кўп бўлса, шунча яхши маъносида аралаштириш керакмас. Ортиқча ичишга ҳам хожат йўқ. Бу кишининг руҳий ҳолатига ҳам тааллуқли. Ваҳимага тушманг, қўрқманг. Вирус эмас, балки уни қандай қабул қилишимиз бизни ўлдиради. Касалликни эътиборсиз ҳам қолдирманг, қаттиқ ваҳимага ҳам тушманг, ўзингизни одатдагидай тутинг. Бу ерда кузатув муҳим. Организмингизга қулоқ солинг. Эсингизда бўлсин, уй шароитларида ҳеч қандай томчилатиб киритиладиган дори (капельница) бўлмаслиги керак. Агар бу ковид бўлиб чиқса, у ҳаммасини янада чуқурлаштиради, холос.

Икки ҳафта олдин ўзимга “Уф, уйда бундай қўрқиб ўтиргандан кўра, шу ковидни бошдан кечирганим маъқул эди” деб айтгандим. Ҳа, фаришталар омин деган кўринади – коинот энг аҳмоқона хаёлларимизни моддийлаштиради. Мальдив оролларини ёки миллионларни эмас, мана шундай аҳмоқона хаёлларни. Шу боис ёмон нарсалар ҳақида ўйламанг ва ваҳимага берилманг.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.