Қуллар. 1-Қисм. Зилола
У қандай қилиб хонадан чиққанини, паспортини излаб топиб ухлаётган “хўжайинлари”нинг ёнидан секин ўтганини ва ўз “зиндони”дан чиқадиган ягона йўл – деразадан ошиб, иккинчи қаватдан қандай сакраганини эслолмайди. Ўшанда уни ҳатто баландлик ҳам тўхтатолмаганди. У сакраб тушиб, оғриқни ҳам ҳис қилмасдан орқасига қарамай қочди… у фақат бир нарса ҳақида – уйига қайтиш, қизи ва ота-онасини бағрига босиш ҳақида худодан илтижо қиларди…
Ўзбекистон ИИВнинг маълумотларига кўра, ҳар йили 300 дан ортиқ одам савдоси ҳолати қайд этилади. Уларнинг 60% дан ортиғи аёлларнинг улушига тўғри келади. “Ижтимоий фикр” маркази берган маълумотга кўра, сўровда қатнашган Ўзбекистон фуқароларининг 76,2% одамларнинг меҳнат ёки жинсий қулликка тушишига уларнинг ўзлари айбдор деб ҳисоблар экан. Аммо ҳақиқатдан ҳам шундаймикин? 21 асрда одамлар қандай қилиб қулга айланади, уларни бегона юртда нималар кутишини биладими, улар қай тарзда уйига қайтади, бошидан кечирган шунча воқеалардан сўнг уларнинг кейинги тақдири қандай кечади – биз шулар ҳақида Зилола билан юз берган воқеа мисолида гапириб берамиз (қаҳрамонимизнинг исми маълум сабабларга кўра ўзгартирилган).
Ҳаммаси Умида билан танишганидан кейин бошланди. Ёқимтой, гапга чечан ва, бир қарашда, номусли аёл Зилоланинг уйидан бир хонани ижарага олиб турарди. Оилада пул доим етишмасди, уйда – пенсия оладиган ота-онаси, қизи – мактаб ўқувчиси, эри Россияда тасодифий ишлар билан шуғулланар, шу боис уйига доим ҳам пул жўнатавермасди. Бунинг устига яқинда кредитга узоқ кутилган квартирани харид қилишган. Пул фақат биринчи бадални тўлашга етди, холос. Қолган пулни тўлаш учун уйга ижарачини қўйишга тўғри келди. Зилоланинг касби ҳамшира, аммо гепатитга чалиниб, у сурункали шаклга ўтганидан сўнг бу касбнинг эшиклари унинг учун ёпилди. Шундан кейин иш ҳар замонда топиладиган бўлди.
У ижарачи аёл Умида билан яқин дугона бўлиб қолди. Пул жуда керак бўлса ҳам охирги ойларда ундан хона учун тўлов ҳам олмай қўйди. Кейин Умида Туркияга пул ишлашга кетди. Бу вақт ичида аёллар бир-бири билан алоқада бўлиб турди, мессендерлар орқали ёзишиб туришди.
«Бир куни у менга “балки менинг олдимга Туркияга келарсиз”, деди. У ерда юртдошларимизнинг кўпчилиги сотувчи ёки уй ходимаси, яъни энага ёки қаровчи сифатида ишлашини айтарди. Менда чиқиш паспорти йўқ эди. Умида бу муаммо эмаслигини, ҳужжатларни тез қилишларини, органларда ишлайдиган танишлари ёрдам беришини айтди. Мен ундан шубҳа қилмасдим, ахир у милиция билан ишларди, аммо у айнан нима иш қилишини билмасдим. Умида ҳатто бизникида яшаганида ҳам формали одамлар тез-тез келиб туришарди. Шу боис унинг номусли аёл эканига менда ҳеч қандай шубҳа йўқ эди», – дейди Зилола.
Аёлнинг ваъдалари қурувқ гап бўлиб чиқмади, тез орада маҳаллий “ОВИР”да Зилолага хорижга чиқиш паспортни тўғирлаб беришади, Истанбулгача электрон чипта ҳам тайёр эди. Зилола 35 ёшга кириб, ҳали бирор марта чет элга чиқмаганди, шу боис иккиланарди, аммо энди ота-онаси ҳам буни хоҳлаётганди. Улар Умидани ҳамма билади, у ор-номусли аёл дейишди. Эри ҳам Зилоланинг пул ишлаш учун чет элга кетиш ниятини маъқуллади. 26 март куни уни Истанбул аэропортида кутиб олишди, квартирага олиб боришди, кейин эса… кейин Зилолани эртакнамо Истанбул бўйлаб саёҳат кутарди. Ҳаммаси чиройли, мазали ва яхши эди. Кечқурун улар Зилолага янги либос харид қилиш ва янги соч турмагини қилиш учун савдо марказига келишди.
«Улар менга ҳозирги кўринишимда мени янги ишга олишмасликларини айтишди. Бу ер Фарғона эмас, Истанбул, кўринишим ҳам шунга мос келиши керак, дейишди. Мен рози бўлдим. Ахир атрофда ҳақиқатдан ҳам чиройли, яхши кийинган одамларни кўраётгандим. Кейин Умиданинг танишлари менга қандайдир кичкина таблеткаларни беришди, бу иқлимга мослашиш учун керак, деб айтишди. Умида ҳар икки соатда иккитадан қабул қилишим кераклигини, акс ҳолда овқат ҳазм қилиш тизими билан муаммолар бўлишини ва бошим айланишини таъкидлади. Мен унга қулоқ солдим», – дея эслайди Зилола.
Аёл таблеткалар кучли транквилизатор эканини дарров тушунмади. Фақат ўзини бўшашган ҳолда ҳис қилганини, ваҳима ва ҳаяжон тарк этганини эслайди, холос. Аммо икки кундан кейин ҳаммаси кескин ўзгарди. Умида ва унинг танишлари Зилола учун иш топишолмаётганини айтиб, унга пул сарфлашганини эслатиб қўйишди.
«Мен улардан қанча қарзим борлигини ва уни қандай узишим мумкинлигини сўрадим. Улар қарзим 5 минг доллар эканини ва энди фоҳиша бўлиб ишлашимни айтишди. Эътироз билдиришга улгурмасимдан зарба едим. Умида менга эгилиб, уларнинг айтганини қилишимни, акс ҳолда ёмон бўлишини айтди. Мен Умиданинг улар билан тили бир эканини тушундим. Мен ишонган одам, мени разилларча сотди… орқамдан пичоқ урди», – эслайди Зилола.
Аёл дугонасидан уни қўйиб юборишини, унга қарзини уйидан жўнатиб юборишини айтиб ёлворарди, аммо у бунга жавобан фақат куларди, холос. Умида унинг учун 5000 доллар ишлаб топиб, Доига (муҳаррир изоҳи – фоҳишахона бошқарувчиларидан бири, турк) 6000 лира (1200 доллар) қарзни тўлаганидан сўнг қўйиб юборишини такрорларди. У ўша дақиқани ҳозиргача изтироб билан эслайди. ўшанда ҳам, ҳозир ҳам кўзларига уятдан, ранж-аламдан ва кучсизликдан ёш келарди.
«Қаршилик кўрсатишга кучим йўқ эди. Таблеткалар таъсири остида худди тушда юргандай эдим. Ўзимга келишим билан, яна мажбурлаб ичиришарди. “Иш” кўп бўлди, мижозлар – меҳнат муҳожирлари ва маҳаллий бой бўлмаган турклар», – дея эслайди Умида. Жинсий хизматлар нархи ўртача 50 доллар турарди. Аммо “қуллар” бу пулларни кўрмасди ҳам, ҳаммасини “хўжайинлар” олиб қўярди. Ҳар бир қиз ишлаб топган пулнинг 50% ни уни олиб келган оларди. Хусусан, Умиданинг даромади Зилоланинг ишига боғлиқ эди. Ҳар бир мижоздан “дугона” камида 25 доллар ишлаб оларди. Мижозлар сони суткасига 10 кишигача етиши мумкин эди.
«Қуллик фақат қуйи нарх сегментида мавжуд: бу ерда аёлларни куч билан ушлаб туришади, ҳужжатлари, телефонини олиб қўйишади, гиёҳванд моддаларга ўргатишади, уларга пул тўлашмайди, оч қўйишади, энг қўрқинчлиси эса бу ерда ёш бўйича чегара йўқ. Яъни агар аёлнинг ёши 40 ёки 50 да бўлса ва у ёши туфайли жинсий қулликка туша олмайман деб ўйласа, у хато қилади. Бу нарса фоҳишахонларда аҳамиятга эга эмас», – дейди “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази қайноқ линиясининг ходимаси Саида.
Зилола воситачилар баданлар савдоси билан интернет орқали ҳам шуғулланганини эслайди: улар қизларнинг суратларини тармоққа жойлаштиришарди, кейин эркаклар келиб, қизни конкрет манзилга буюртма қилишарди. Зилола у ерда ўзбек қизлар кўп эканини эслайди, улар келарди-кетарди. Уларни олиб бориб, олиб келадиган иккита ҳайдовчи бўларди – Катта Хасан ва Кичкина Хасан. Улар ҳам Ўзбекистондан. Иқбол опа – “она”лардан бири, Умида ёки Маржона эса (унинг Туркиядаги исми) “янги қон” етказиб берувчиси ролини бажарарди.
Тутқунликдаги ҳар бир кун Зилолага чексиздай туюларди. Шу боис у ўз воқеасини айтиб бераётганида, ўзини қулликда бир неча йил ўтказгандай ҳис қилаётганди. Аслида эса – 10 кун. У қочишга қандай журъат этганини эслолмайди. Ҳаммаси тўсатдан содир бўлди. Эрта тонгда “хўжайинлари” навбатдаги тунги базмдан кейин ухлаётганини кўриб, секин хонасидан чиқади, тартибсизлик ичида паспортини излаб топади ва иккинчи қават деразасидан сакрайди.
«Хона ичкаридан қулфланган эди. Калит уларда сақланарди. Фақат дераза қолганди. Жуда қўрқдим, аммо бошқа чорам йўқ эди. Агар мени ушлаб олишса, ўлдиришлари тайин эди. У ерда қулнинг ҳаёти ҳеч нима турмайди. Аммо у пайтда бу ҳақда ўйламасдим. Ҳаммасини автомат тарзда бажарардим, оғриқ ва чарчоқни ҳис қилмаётгандим. Фақат қизим, ота-онас ҳақида ўйлардим. Уларни яна бағримга босганимда, қандай қиғлаб юборишимни тасаввур қилардим», – дея эслайди Зилола.
Деразадан сакраб тушиб, бор кучим билан югурдим. Йўлда машина тўхтата бошладим. Тўхтаган ҳайдовчилар уни тушунишмасди, у эса – ҳайдовчиларни. Аммо тўсатдан омади чопиб қолди. Ўзбекча айтилган “Илтимос, ёрдам беринг” деган сўзларга киракаш бошини қимирлатди. Зилола машинага ўтирди. Киракаш ўзбек тилини яхши тушунарди, у турмуш ўртоғи Ўзбекистондан эканини айтади.
«У мендан қаерга олиб боришимни сўради. Мен нима дейишни, қаерга қочишни, қаердан ёрдам излашни билмасдим. Ҳайдовчи менга маҳаллий полицияга мурожаат қилишимни таклиф қилди», – дейди Зилола.
Полицияда Зилолага улар фақат қулликдаги одамларни қутқариш билан шуғулланишларини айтишади, у ҳозир озодликда экан, ҳеч нима билан ёрдам беролмасликларини маълум қилишади. Полициячилар қизни Ўзбекистон элчихонасига олиб боришни таклиф қилишади. Дипломатик ваколатхонада Зилолага фақат фуқароларда ҳужжатлар билан муаммолар бўлса, ёрдам беришларини билдиришади. Паспорт эса аёлнинг қўлида эди. Элчихона ходимлари Зилолага овқат олиб беришади ва йўлга 50 лира беришади. Шу билан уларнинг ёрдами тугайди. Зилола буёғига нима қилишни билмасди. Улкан шаҳарда ёлғиз ўзи, танишларсиз, пулсиз, алоқасиз… Аммо тўсатдан унинг телефони жиринглайди. IMO иловаси орқали унга Фарғона вилоят ИИБ ходими қўнғироқ қилаётганди.
«Кўчада телефоним вай-файни ушлади, шу боис Дилшод ака (муҳаррир изоҳи – вилоят ИИБ ходими) менга туша олди. Ҳайрон қолдим. Кейин билсам, унга рақамимни Иқбол опа, фоҳишахона ходималаридан бири берган экан. Қаердалигимни сўради ва уйга қайтишга ёрдам беришини айтди. Кейин “Истиқболли авлод”да ишлайдиган қизлар мен билан алоқага чиқишди. Улар менинг уйга қайтишим билан шуғулланишди», – дейди Зилола.
“Истиқболли авлод” Республика ижтимоий-ахборот марказида 2019 йил 4 апрель куни уларга Фарғона вилоят ИИБдан қўнғироқ бўлганини, кейин эса Туркиядан одам савдосининг қурбонига айланган Ўзбекистон фуқаросини қайтаришга кўмаклашиш илтимоси билдирилган расмий хат келганини тасдиқлашди.
«Бу, яъни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қулликка тушиб қолган фуқароларимизни қайтаришга ёрдам бериш мақсадида марказга мурожаат қилиши биз учун нормал амалиёт. Биз Фарғона вилоят ИИБ билан аввал ҳам ишлаганмиз. Буни амалга ошириш биз учун осон ва тезроқ. Биз Халқаро муҳожирлик ташкилоти (ХМТ) орқали ишлаймиз, у дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида ўз бўлимларига эга. Истанбулдаги ҳамкасбларимиз туфайли икки ҳафта ичида барча ҳужжатларни расмийлаштира олдик ва Зилола Тошкентга учиб келди. Мен у билан юз берган воқеани яхши эслайман. Аввал бошиданоқ у билан алоқада бўлдим, яъни у Истанбулда бўлган икки ҳафта давомида. Уни муаммолари ва кечинмалари билан ёлғиз ташлаб қўёлмасдим. У менга соатлаб Истанбулда бошидан кечирганларини, кейин эса ҳаёти, қизи ҳақида гапириб берарди. У энди буёғига қандай яшашни билмасди, бу ишда айбдорларнинг ҳаммасини жазолашни хоҳларди», – дейди «Истиқболли Авлод» ташкилотининг ходими Саида.
Шу ўринда марказ ходимлари охирги 5 йил ичида қулликка тушиб қолган 1669 та кишига ўз Ватанига қайтишга ёрдам берганини таъкидлаш жоиз. Уларнинг орасида 1429 та эркак, 223 та аёл ва 23 та бола бор. Бироқ қайтганларнинг фақат 30% гина ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишга рози бўлган. Бунинг сабаби маълум. Биринчидан, хорижга ишлашга кетадиганларнинг орасида ҳуқуқий саводсизлик даражаси юқори. Қулликка тушган қизларнинг кзпчилиги маҳаллий полицияга боришга қўрқади, чунки улар бундан уялади. Иккинчидан эса, Ватанига қайтгандан сўнг уларнинг аксарияти юз берган воқеада ўзини айблайди ва “жонли” товар сотувчиларини жазосиз қолдирган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишмайди.
Руҳшунос, одам савдоси қурбонларини реабилитация ва реинтеграция қилиш дастурининг раҳбари Дилфуза Йўлдошеванинг фикрича, бу қулликдан қайтарилган одамлар орасида анча кенг тарқалган модель.
«Киши бундай вазиятга тушар экан, бир нечта босқични бошидан кечиради: шок – рад этиш – қаршилик кўрсатиш – умидсизликка тушиш – қабул қилиш. Аммо ҳар бир ҳолат жуда индивидуал. Кўп нарса қурбоннинг характерига боғлиқ. Кучли одамлар бор, кучсиз одамлар бор. Ҳамма ҳам қочишга ёки зўравонга/хўжайинга бошқа тарзда қарши туришга журъат этавермайди, кимдир бошиданоқ итоат қилади, айримлар ҳатто мослашишга ҳам қодир. Табитига кўра инфантил бўлган одамлар эса умуман ноормал ҳаётга қайтишни истамайди. Улар қорни тўқ, кийими бутлигидан қониқиш ҳосил қилади, ёқмайдиган бўлса ҳам иши бор. Кўп нарсани қурбон яшайдиган муҳит ҳам белгилайди. Одатда ёлловчилар қизларни кам таъминланган ва нотинч оилалардан танлайди. Улар заиф жойларни излайди: катта иш ҳақи, чиройли ҳаёт, уларда мавжуд бўлмаган ва эҳтимол ҳеч қачон бўлмайдиган имкониятларни ваъда қилишади», – дейди Дилфуза Йўлдошева.
Бир қарашда ғаройиб бўлиб кўриналиган, аммо анча кенг тарқалган ҳолатни ҳам қайд этиш жоиз: озод этилган 10 та қизнинг 9 таси ўз қийновчилари билан мулоқот қилишда давом этади. Қурбонларнинг ўзи ҳам нега уларни урган, камситган, зўрлаган, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаганларнинг хабарларига нега жавоб беришларини тушунтириб бера олмайди. Руҳшуноснинг сўзларига кўра, бу ҳолда қизлар нимани ўйлаётганини ҳам айтишнинг иложи йўқ.
«Бу ерда қурбоннинг бундай хатти-ҳаракатини унинг феъл-атвори, қандайдир шахсий сифатлари билан изоҳлаш мумкин. Ҳаммасини қийновчиларининг юзига айтиш учун ҳам алоқа қиладиганлар, уларга ўзларининг устунлигини кўрсатиб, уларни қамоққа тиқиш учун бор кучини ишлатишларини айтадиганлар ҳам бор. Аммо қалбида мутлақо қарама-қарши ҳиссиётлар туғиладиган кишилар ҳам учраб туради. Бу инсоний сифатларни ва ришталарни излаш бўлса ажабмас: ахир уларни бир пайтлар нимадир боғлаб турган, “хўжайин” эса ёзишмалар чоғида бу триггерлардан албатта фойдаланади. Шунингдек, зўравон ёки воситачи, агар қул аёл бўлган бўлса, уни ўзгача тарзда яхши кўрганини айтади. Бироқ энг кенг тарқалган нарса – бу қурбонга айбдорлик ҳиссини сингдириш. Бунинг антижасида қурбон қандайдир бир пайтда ким ҳақ, ким айбдор эканидан иккилана бошлайди», – дея тушунтиради Дилфуза Йўлдошева.
Руҳшуноснинг сўзларига кўра, варинатлар жуда кўп, асосийси – алоқани ўрнатиш. Шунда бошдан кечирилган даҳшат яна ўз домига тортиши мумкин. Одам савдоси қурбонлари билан ишлайдиган мутахассислар “қул аёлларнинг” яга ўз “хўжайинлари”га қайтиш ҳолатлари борлигини ҳам қайд этади. Бу маълумоти йўқ, бирор касбни эгалламаган ва муносиб тўланадиган иш тополмаётган кўпгина ёш қизларнинг чорасизлиги билан изоҳланади. Бунинг устига қизлар уйга қайтганида, уларни жамоатчилик томонидан очиқ шейминг ҳам кутиб туради. Бизнинг қаҳрамонимиз билан ҳам шундай бўлди. Зилола Фарғонага қайтганидан сўнг ундан ҳамма юз ўгиради: уни Умидадан батафсил фотосуратларни олган эри ташлаб кетади, маҳалладаги қўшнилари у билан мулоқот қилмай қўяди, чунки Умида уларга Зилола Туркияда нима билан шуғуллангани ҳақидаги хабарларни юборади.
«У ерда қулликда бундан ҳам ёмони бўлмайди, деб ўйлардим. Аммо қайтганимдан кейин даҳшат давом этаётганини тушундим. Эрим менга Россиядан “менга бундай хотин керак эмас” деган хабарни юборди. Фақат ўша пайтда мендан ота-онам воз кечмади. Умуман пулим йўқ эди, кимдан қарз сўрашни билмасдим. Ҳамма менга бармоғи билан кўрсатиб, фоҳиша эканим ҳақида шивирлаб гапиришарди. Иш ҳам йўқ эди. Бори ҳам қулликдагидан яхши эмасди. Менга тикув цехида эрталабдан кечгача ойига 200 минг сўмга иш таклиф қилишди. Бу пулга оилани қандай боқиш мумкин?», – дейди Зилола.
Аммо Зилола учун бир нарса ўзгармасдан қолди. У ҳаётини бузиб юборган кимсаларни жазолаш ва Фарғонадан хорижга қизларни етказиб берувчи занжирни узиш хаёли билан яшарди. Зилола уйга қайтганидан кейин, биринчи навбатда вилоят Ички ишлар бошқармасига йўл олади, бу ерда бошидан кечирганларини батафсил айтиб беради. Ундан аризани қабул қилиб олишади ва Умида Рашидовага нисбатан жиноий иш қўзғатишганини ишонтириб айтишади. Бироқ далиллар етишмагани сабабли тез орада ишни ёпишади.
«Telegram ва IMO даги Умида билан ёзишмаларимиз у одам савдоси билан, қизларни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур этиш билан шуғулланганига ягона далил эди. Бир куни мени ИИБга чақиришди, терговчи мендан ёзишмаларни ўрганиш учун телефонимни топширишимни сўради. Аммо бироз вақтдан сўнг телефонимни қайтариб олганимдан кейин мессенжерлар тарихи тозаланганини кўриб ҳайрон қолдим. Яна бироз вақтдан сўнг менга иш далиллар етарли эмаслиги сабабли ёпилгани айтишди», – дейди Зилола.
Аёл тақдирга тан бермади ва ИИВ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги одам савдосига қарши курашиш бўйича идоралараро комиссияга мурожаат қилди. Мурожаатлар яна анъанага кўра маҳаллий даражагача туширилди. Идоралар ўз жавобларида вилоят ИИБдаги ҳамкасбларининг сўзларини такрорлашарди.
«Ушбу билан Сизни аризангиз бўйича Фарғона шаҳар ИИБ ҲМБ ходимлари томонидан терговгача текширув ўтказилгани ҳақида хабар берамиз. Натижада ЎзР ЖКнинг 135-моддаси (одам савдоси) бўйича жиноий иш қўзғатиш учун етарлича далиллар йўқлиги аниқланди, бунинг натижасида жиноий иш қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинди», – дейилади жавобда.
Бироқ ҳуқуқшунос Хожиакбар Исоқовнинг фикрича, Умида Рашидованинг одам савдоси бўйича жиноий гуруҳда иштирок этгани яққол кўриниб турибди. «Бу ерда ҳамма аломатлар бор: ёллаш ҳам, Умида уни таклиф этади, ташиш ҳам – у унга чипта харид қилади, ҳужжатлари билан ёрдам беради, ҳамроҳлик қилади – кутиб олади, қабул қилувчи томоннинг одамлари билан таништиради, қарза ботқоғига ботиради – ҳужжатларини олиб қўяди, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур этади, руҳий, жисмоний ва ҳатто гиёҳвандлик босимини ўтказади. Шунингдек, жабрланувчини эксплуатация қилиш ҳолати ҳам муҳим ҳисобланади. ЎзР ЖКнинг “Одам савдоси” деб номланувчи 135-моддасида ушбу ҳаракатларнинг ҳаммаси кўзда тутилган. Жиноятчи учун жавобгарлик яққол кўриниб турибди. Фақат унинг алоқадорлигини исботлаш керак эди, холос. Аёлларнинг ёзишмалари шу далиллардан бири эди. Аммо органлар буни одам савдоси сифатида эмас, меҳнат муҳожирлиги сифатида талқин қилишган кўринади», – дея изоҳ беради ҳуқуқшунос.
Бошидан кечирган азоблари Зилоланинг соғлиғига жиддий путур етказди. Ўтган йил ичида онаси оламдан ўтди, отаси касаллик билан ётиб қолди. Қисқа вақт ичида унинг нисбатан тинч ҳаёти телба-тескари бўлиб кетди. Албатта, у ҳаммасини унутишни истайди, аммо бу осон эмас.
«Бу одамлар жазоланиши керак. Ахир биз 21 асрда яшаяпмиз, ахир одам мол эмас-ку, уни шунчаки олиб сотишса, ҳаётини ва эркинлигини бир неча минг долларга баҳолашса. Жазосизлик янги қурбонларни келтириб чиқаради, уларнинг тўрига менга ўхшаб бошқа қизлар тушади. Мен яна кимдир бундай нарсаларни бошидан кечиришини истамайман», – дейди Зилола.
У «Истиқболли Авлод» марказининг ходимларидан турк полицияси Истанбул чеккасидаги фоҳишахонани йўқ қилганини билиб олди. Айрим маълумотларга кўра, бу ўша Зилола “ишлаган жой”. Бироқ Умида Рашидованинг тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Анхор.уз таҳририяти нега Рашидовага нисбатан жиноий иш тўхтатилгани, у ҳозир қаердалиги ва жабрланувчининг телефонидан вилоят ИИБда ёзишмалар қай тарзда йўқолиши мумкинлиги ҳамда Туркиядаги фоҳишахона бошқарувчисини Фарғона вилоят ИИБ экстремиз ва террорчиликка қарши курашиш бошқармасининг бошлиғи билан нималар боғлаб тургани ҳақида билиш учун Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига расмий сўровлар юборди.
Давоми бор.
Шарҳлар